‘ИШИД камбағаллашмоқда’ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Агар, Американинг IHS халқаро ахборот ва таҳлил маркази маълумотларига таянилса, дунёдаги энг қудратли ва жангари бу гуруҳ ўз бюджети ҳақида ўйлай бошлаганининг дастлабки нишоналари пайдо бўла бошлаган.

Марказ қўлга киритишга муваффақ бўлган хабарларга кўра, гуруҳ жангарилари ойлик маошларини “қирқиб”, ўз назорати остидаги ҳудудларда электр токи ва бошқа маиший хизматлар ҳақларини кўтарган, қишлоқ хўжалик маҳсулотларига янги солиқлар киритган.

IHS нинг янги ҳисоб-китобларига кўра, жорий йил якунига келиб, “Исломий Давлат”нинг ойлик даромади қарийб $80 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Даромадининг тенг ярмини солиқлардан, 43 фоизини эса, ноқонуний нефть савдоси орқасидан қўлга киритган.

Олаётган тушумининг қолган қисмини гиёҳванд моддалар контрабандаси, электр токини сотишдан тушаётган пуллар ва турли хил хайриялар ташкил қилган.

Марказнинг етакчи таҳлилчиси Колумб Страк эса, худди шу ўринда, “Исломий Давлат” гуруҳининг “ал-Қоида” тармоғига ўхшаб чет эллик ҳомийларининг хайриясига қараб қолмаганига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.

Унинг айтишича, худди шу ҳолат “Исломий Давлат”нинг деярли мустақил, ҳеч бир томоннинг таъсирига тушмай фаолият олиб боришига замин яратган.

Агар, “Исломий Давлат” гуруҳининг марказ чамасидаги ойлик даромади бир йилга чақиладиган бўлса, бу – бир миллиард долларча маблағ деганидир.

Бу – Британия Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти шу йил бошида эълон қилган рақамлардан анчагина фарқ қилади.

Қироллик институти ўз ҳисоб-китобларига таяниб, “Исломий Давлат”нинг йиллик даромади қарийб $2 миллиард АҚШ долларини ташкил этишини маълум қилганди.

Бу эса, уларнинг ҳозирги кунда жаҳондаги “энг бойвачча” гуруҳ эканликларини кўрсатганди.

Бошқа томондан, Британия Қироллик Бирлашган Хизматлар Институтининг сўнгги ҳисоботида IHSникидан фарқли тарзда, “Исломий Давлат”нинг асосий даромад манбаси – нефть контрабандаси экани айтилганди.

Аммо, IHS халқаро ахборот ва таҳлил марказининг маълумотларига таянилса, “Исломий Давлат” ҳануз нефть қазиб чиқариш салоҳиятига эга бўлса-да, Суриянинг шимолий Тел Абяд шаҳрини бой бериши ва Туркиянинг Сурия билан ўзаро чегарасида кўрган хос чоралари ортидан, уни четга чиқариши қийинлашган. Ҳозирга келиб, асосан Сурия ва Ироқнинг ўзидаги ички бозорлар билан кифояланишга мажбур бўлмоқда.

Марказнинг маълумотларига кўра, жорий пайтда “Исломий Давлат”нинг камида олтита даромад манбаси бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Яъни, гуруҳ нефть ва газ контрабандасидан ташқари, ўз назорати остида бўлган ҳудудлардаги барча тужжорий фаолиятларга солаётган солиқлари, ер ва уй-жойларни мусодара этиш, гиёҳванд моддалар ва ноёб осори-атиқалар контрабандаси, банклар талаш, тутқунларнинг яқинларидан олаётган товон пуллари орқасидан даромад қилади.

Бундан ташқари, авваллари давлатга қарашли бўлган турли нақлиёт ширкатлари ва кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи агентликлар ҳам уларнинг эътиборларидан четда қолмайди. Улар ҳам гуруҳга ўз улушларини беришлари шарт кўрилади.

Яқинда Россия Гиёҳванд моддалар айланишини назорат қилиш бўйича Федерал Хизмати раҳбари Виктор Иванов, ҳатто, “Исломий Давлат” гуруҳининг афғон героини контрабандасидан йилига бир миллиард АҚШ долларигача даромад қилишини даъво этганди.

Ўз навбатида, афғон героини ҳозирга келиб, “Исломий Давлат” гуруҳининг молиявий манбаларидан бирига айланганини иддао қилганди.

Аммо минтақавий таҳлилчилар россиялик юқори мартабали мулозимнинг айни мазмундаги баёнотини жиддий шубҳа остига олишган, биргина жўғрофий жиҳатдан олгандаёқ, бунинг имконсиз бир иш эканини айтишганди.

IHS халқаро ахборот ва таҳлил маркази етакчи таҳлилчиси Колумб Стракнинг айтишича эса, Ғарб бошчилигидаги коалиция томонидан “Исломий Давлат”нинг даромад манбаларига зарба бериш саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бермай қолмаётир.

Таҳлилчига кўра, бунга араб тилидаги турли ижтимоий-мулоқот тармоқлари ва ўз манбаларидан қўлга киритишга муваффақ бўлган маълумотлари далолат қилаётир.

Жаноб Стракнинг айтишича, иттифоқнинг ҳаво ҳужумлари ортидан, “Исломий Давлат” гуруҳининг нефть контрабандаси билан боғлиқ фаолияти анчагина заифлашган.

“Аммо АҚШ бошчилигидаги иттифоқнинг “Исломий Давлат” гуруҳининг асосий даромад манбаси бўлган солиқ тизимини ишдан чиқариши жуда мушкул масала. Чунки бундан оддий одамлар жабр кўриши ва кўрилган чоралар тескари самара бериши мумкин”, - дейди марказ таҳлилчиси.

Ҳам ҳалқаро ва ҳам минтақавий ҳарбий таҳлилчилар эса, "Исломий Давлат"нинг молиявий қудрати минтақадан ўзига янги жангарилар ёллашида муҳим ўрин тутган икки омилдан бири эканини таъкидлаб келишарди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

IHS халқаро ахборот ва таҳлил маркази ҳар ҳафта турли ижтимоий мулоқот тармоқлари ва очиқ манбалардан Сурия ҳамда Ироққа оид 1.000 га яқин хабарларни қайд этади, изчил равишда уларнинг қанчалик ишончли эканини баҳолайди ва шу асосда ўз таҳлилини олиб боради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ