Обама: ‘Бу – Ислом ва АҚШ ўртасидаги уруш эмас’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Президент Барак Обаманинг баён қилишича, ўзларидаги мусулмонлар Америка жамиятининг бир қисми ва терроризмни мавҳ этмоқчи бўлишса, уларни энг кучли иттифоқчиларидан бири сифатида кўришлари шартдир.

АҚШ раҳбари бу ҳақда Сан Бернардинода юз берган ва ўндан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган отишма ортидан қилган чиқиши чоғида баён қилган.

Барак Обаманинг ваъда қилишича, мамлакати кучайиб келаётган террорчилик таҳдидига бас келади.

Аммо, АҚШ раҳбарининг огоҳлантиришича, худди шу манзарада америкаликларнинг ҳам бир-бирларига қарши туришга ҳақлари йўқдир.

“Агар, худди шундай қилгудек бўлсангиз, бу – АҚШ ва Ислом ўртасидаги уруш, деган гап-сўзларга йўл очасиз”, - деб айтган президент Обама.

Унинг таъкилашича, турли шубҳаю гумон ва нафрат билан америкалик мусулмонларнинг кўксиларидан итариш тўғри иш эмас.

Худди шу сўзлари ортидан жаноб Обама мамлакати аҳлига маҳаллий мусулмонлар ҳам Америка жамиятининг бир қисми эканини яна бир бор эслатган.

“Ҳа, ҳарбий либосдаги аёл бўладими ёки эркак, улар ҳам бизнинг мамлакатимиз ҳимоясига жонига беришга тайёр бўлган фуқароларимиздир. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз шарт”, - деб айтган жаноб Обама.

АҚШ раҳбари, ўз ўрнида, Америкадаги мусулмон жамоаларига қарши чиқиш – айнан ўзини “Исломий Давлат”, деб атаётган гуруҳнинг кўнглидаги иш бўлиши билан ҳам огоҳлантирган.

Калифорния штатининг Сан Бернардино шаҳридаги чоршанба кунги ҳужумни уюштирганликда эса, айнан мусулмон эр-хотин гумон этилмоқда.

Президент Барак Обама ўзининг сўнгги чиқишида бу ҳужумга “бегуноҳ одамларни ўлдиришга қаратилган террорчилик амали”, дея баҳо берган.

Аммо, унинг баён қилишича, “эркинлик – ҳар қандай қўрқувдан кўра қудратлироқ бўлган тушунчадир”.

Барак Обаманинг худди шу ўринда яна огоҳлантиришича, Америка жамиятини парчалашга уриниш – бор-йўғи экстремистларга қўл келадиган иш бўлади, холос.

АҚШ раҳбарига кўра, бундан буёғига шундай йўл тутишадики, эҳтимолий ҳужумчиларнинг қурол-яроғ топишлари ҳам осон бўлмайди.

Барак Обаманинг айтишича, Америка Қўшма Штатларида террорчилик янги босқичга кирган: “Ал-Қоида” жангари тармоғининг кенг кўламли ҳужумларидан радикал инсонларнинг анчайин оддий ҳужумларига кўчган.

Унга кўра, “Исломий Давлат”га бас келиш учун мамлакати эга бўлган ҳар қандай куч-қудрат ишга солинади.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, бу – президент Барак Обаманинг Оқ Уйда қилган ва бутун мамлакат аҳамиятига молик, дея кўрилувчи бор-йўғи учинчи нутқи бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ