Саудия Арабистони: Зинода айбланган оқсочнинг иши қайта кўрилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Коломбода ҳукмга қарши норозилик чиқишлари уюштирилди

Саудия Арабистони зинода айбдор топилиб, ўлимга ҳукм қилинган Шри Ланка фуқароси устидан маҳкама ишини қайта очишга рози бўлган.

Бу ҳақда Шри Ланка Ташқи ишлар вазири маълум қилган.

Саудияда оқсоч бўлиб ишлаган 45 ёшли аёлга ўтган август ойи уйланмаган шри ланкалик эркак билан бирга ҳукм ўқилганди.

Маҳкама икки боланинг онаси бўлган аёлни тошбўрон қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Эркак эса, 100 дарра уриш билан жазоланиши айтилган.

Саудия Арабистонининг аёлга нисбатан чиқарган ҳукми Шри Ланкада ғазабнок муносабатларга сабаб бўлган, норозилик чиқишлари ҳам бўлиб ўтганди.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Харша Де Силвага кўра, Шри Ланка элчихонаси расмийлари якшанба куни аёлни кўриш учун қамоқхонага боришган.

Шри Ланка Саудия Арабистонидан маҳкумларни авф этишни сўраб мурожаат қилган.

'Катта ғалаба'

"Бизнинг аралашувимиз билан улар ишни қайта очишга рози бўлишди", деб айтди жаноб Де Силва.

"Бу катта ғалаба. Биз аёлни ҳуқуқий ёрдам билан таъминлаймиз".

Шри Ланка Ташқи ишлар вазири ўринбосарларидан яна бирига кўра, ҳукумат мазкур маҳкама ишидан жорий йилнинг август ойида ҳукм ўқилганидан кейингина хабар топган. Бироқ, оқсоч аёл 2014 йилнинг апрелида ҳибсга олинган.

"Шариат қонунларига биноан бу каби иш учун 4 нафар мусулмон гувоҳ зарур", дейди у. Аммо, расмийга кўра, аёлнинг ҳолатида ҳеч қандай гувоҳ ҳозир бўлмаган.

"Афсуски, қонунни билмаслиги боис ҳеч қандай ҳуқуқий ёрдамсиз босим остида қолган аёл қўйилган айбга иқрор бўлган".

Шри Ланка пойтахти Коломбодаги БМТ қароргоҳи ва Саудия Арабистони элчихонаси қаршисида норозилик намойишлари ҳам бўлиб ўтган. Чиқишлар чоғи шри ланкаликларни Саудия Арабистонига ишга жўнатмаслик чақириқлари ҳам янграган.

Шри Ланка ҳукумати Яқин Шарққа ишлаш учун борадиган аёллар сонини босқичма-босқич камайтираётганини айтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ