'Қаддофий Африка нажоткори эди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қора Африкада юз минглаб меҳнат муҳожирлари Муаммар Қаддофийни нажоткор, деб билишган.

Муаммар Қаддофийнинг 2011 йили қулатилиши у узоқ йиллар қаттиққўллик билан бошқарган Ливияда байрам қилинганди.

Полковник Қаддофийни ўз пайтида ливияликлар "отамиз", "раҳнамомиз" ва "тинчлигимиз кафолати" деб аташган.

Аммо Нато аралашуви ортидан қудратдан кетказилгач, ғазабнок оломон тарафидан калтаклаб ўлдирилганди.

Бунга мана тўрт йилдан ошаяпти.

Шундай эса-да, минглаб чақирим узоқдаги Қора Африканинг қатор мамлакатларида Полковник Қаддофий ўлимига ҳамон мотам тутаётганлар оз эмас.

"Ливия Америкадан яхши эди"

Гананинг шовқин-суронли ва сариқ чангга беланган шаҳри - Аккра кўчасида мен Қаддофийни халоскорга қиёслаган одамни учратдим.

Энди 45 ёшга кирган тикувчи Карим Муҳаммад уч йил Полковник Қаддофий бошқарган Ливияда ишлаган.

У ҳозир уч боласи ва рафиқаси билан Ливияда ишлаб топган пулига тиклаган 6 хонали ҳовлисида истиқомат қилади.

Image caption Қаддофий қулатилиши ортидан узоқ Ганада ҳам ишсизлик осмонга сапчиб кетди.

"Ливияда ҳамма бахтли эди" - дейди Карим Муҳаммад - "Америкада ҳам кўприкларнинг остида яшайдиган бошпанасиз одамлар бор. Ливияда уйсиз одам йўқ эди".

"Ҳеч ким сени рангинг ё ирқингга қараб камситмасди. Ишлаб, яхши маош олардик. Ҳаётда нимага эришган бўлсам, Муаммар Қаддофий туфайли эришдим".

"Қаддофий - Аллоҳ Африкага жўнатган халоскор эди" - хулоса қилади Карим.

Карим айтган айни фикрни Ганада жуда кўпчиликдан эшитасиз.

Африканинг нажоткори

Мен Карим билан суҳбатлашар эканман, атрофимизда тўпланган кўплаб одамлар гапимизга қўшилиб, ўз фикрларини айта бошлашди.

"Қаддофий яхши одам эди!" - дерди кўпчилик бир овоздан.

"У ҳеч кимни алдамасди. Энг зўр раҳбар эди" - ўз фикрини билдиради Ливияда 7 йил қурувчилик қилган Мустафо Абдул Мўъмин .

"Уни ўлдириб нимага эришишди?!" - савол қўяди маҳаллий имом Илёс Яҳё - "Бир муаммони ҳал қилиш учун бировни ўлдириш керакми?".

"Мана энди муаммолар баттар кўпайиб кетди. Нега Қаддофийни ўлдиришди?"

Муаммар Қаддофий шафқатсиз яккаҳоким раҳбар бўлган.

Бироқ унинг бошқаруви остида мамлакати фаровон, барқарор ва тинч эди.

Худди шу боис ҳам Африка давлатларидаги минглаб ишсизлар Ливияни сўнгги умид, деб билишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Тинч, барқарор ва фаровон Ливия уруш гирдобига ботди...

Ўн минглаб африкаликлар айнан Ливияда ишлаб, ўз ватанларидаги қашшоқликдан қутулишган: Пул топишган, уй қуришган, болаларини ўқитишган ва топган пулларига тижорат очиб, оила тебратганлар.

"Ливия маҳалласи"

Ливиядан минглаб чақирим узоқдаги Аккрада ҳам шу асно "Ливия маҳалласи" деган мавзе пайдо бўлган.

Бу мавзедаги аксар ганаликлар айнан Ливияда ишлаб, оила боқишган. Нафақат оила боқишган, балки бутун бошли мавзени анчайин ўзига тўқ, фаровон бир минтақага айлантиришган.

Аккранинг бошқа даҳаларидан фарқли тарзда, бу ерда биронта ҳам ғариб кулба ё амал-тақал қилиб қурилган уйни кўрмайсиз.

Атрофда фақат замонавий, саройсифат ҳовлилар. Ўзига тўқ оилалар тиклаган бу уйлар узун кўча бўйлаб шаҳар четигача чўзилиб кетгандек...

Биз турган кўча четида жойлашган улкан меҳмонхонага ўгирилар эканман, Карим кулимсираб, бу ҳам Ливияда топилган пулга тикланган, деб айтади.

Маълум бўлишича, 30 хонали саройсифат иморат Муаммар Қаддофий даврида Ливияда тижорат қилиб, бойиган Шайх Сваланинг уйи экан.

"Қаддофий бўлмаса, бу уйлар ҳам, маҳалла ҳам бўлмасди" - дейишади суҳбатдошларим.

Дарҳақиқат, Полковник Қаддофийнинг қулатилиши ва ўлдирилиши ортидан Ливия тартибсизликлар ҳамда уруш ботқоғига ботаркан, минглаб чақирим узоқдаги "Ливия маҳалласи" ҳам инқирозга юз тута бошлади.

Бу ерда ҳозир биронта ҳам янги қурилишни кўрмайсиз.

Ушалмаган орзу

Суҳбатдошларим орасидан камгап, 35 ёшлар чамасидаги бир йигит ҳам ўз ҳикоясини айтиб берди.

Унинг исми Амаду экан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Таълим, турмуш даражаси ва тиббий хизмат бўйича Ливия Оврўпо давлатлари қаторида эди.

Амаду Ливияга бориш учун ҳатто виза пулини ҳам тополмайдиган даражада қашшоқ бўлган.

Шу боис 2010 йили ўзи каби пулсиз дўстлари билан бирга Саҳрои Кабирни кезиб, Ливияга йўл солади.

Баъзи ҳамроҳлари сувсизликдан йўлда ҳалок бўлишади. Бироқ Амаду Ливияга етиб боради.

Ливияда ноқонуний муҳожир бўлса ҳам иш топиб, қурилишда ишлайди. Бир йил ичида 3500 АҚШ доллари жамғаради.

Аммо 2011 йили Ливияда ҳамма нарса ўзгариб кетади.

"Триполи соҳилида тургандим. Шунда илк бора ўт очилди. Бир неча кун хонамда қамалиб қолдим. Кейин жонимни сақлаш учун Ганага қочиб келдим".

"Бироқ бир неча ой ишлаб, йиққан пулимни олиб келолмадим. Орзуларим саробга айланди" - дейди Амаду ғамгин алфозда.

Полковникнинг башорати

Гана ривожланиш йўлида бўлса-да, бу ерда юз минглаб ёшлар ишсиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Мендан кейин ишсиз қоладиган юз минглаб африкалик муҳожирлар Оврўпога йўл солишади, деган Қаддофий ҳақ бўлиб чиқди.

"Қаддофий ортидан бизнинг мамлакатда инқироз янада чуқурлашди. Ёшлар орасида ишсизлик осмонга сапчиб кетди" - ёзғиради Мустафо.

"Энди ё жиноятга қўл уришимиз, ё ҳаётимизни хавф остига қўйиб, Оврўпога йўл солишимиз қолди".

"Оврўпо, Оврўпо, Оврўпо. Ҳамманинг хаёлида фақат Оврўпога кетиш орзуси. Лекин Оврўпога бориш осон эмас" - дейди Илёс.

Муаммар Қаддофий ҳали қулатилишидан олдин Оврўпони худди шу масалада огоҳлантирган эди.

"Менинг тузумим қулатилса, икки миллионга яқин африкалик меҳнат муҳожири Оврўпо соҳилларига боради ва қитъада тартибсизликлар бошланади" - деганди Полковник Қаддофий.

Кўплар наздида Қаддофий халоскор эмас, балки шафқатсиз диктатор бўлиб қолади.

Аммо меҳнат муҳожирларига келганда унинг башорати ҳақиқат бўлиб чиқмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ