Мона Лиза остида "бошқа расм яширинган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Франциялик олимнинг айтишича, ёғдуни акс эттирувчи технология ёрдамида Мона Лиза портрети остида бошқа расм борлиги аниқланди.

Паскал Котте Мона Лиза расмини таҳлил қилиш учун 10 йил давомида шу технологиядан қўлланганини айтади.

Унинг даъвосига кўра, Леонардо да Винчининг энг машҳур асари остида бошқа бир портрет яшириниб ётибди.

Реконструкцияда бошқа бир одамнинг ён томонига қараб турган тасвири кўринади.

Мона Лизага эгалик қилувчи Париждаги Лувр музейи бу даъво унинг тадқиқотчилар гуруҳига тегишли эмаслигини билдириб, бирон шарҳ беришдан бош тортди.

Санъат шинавандаларини 500 йилдан бери ром қилиб келадиган Мона Лизанинг нигоҳи ва сирли табассуми унинг ортидаги портретда йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy Brinkworth Films

Жаноб Коттенинг мубоҳасали даъвоси Леонардо мутахассислари орасида фарқларга сабаб бўлди.

Париждаги Люмер Технология марказининг асосчиларидан бўлган жаноб Коттега Лувр 2004 йилда Мона Лизани тадқиқ қилишга рухсат берган.

У Қатламларни Катталаштириш усулини ишлаб чиқиб, Мона Лизани таҳлил қилган.

Олимга кўра, бу усул расмга "қатор кучли ёруғликни тушириш" йўли билан қўлланилади. Сўнгра камера шу ёғдуларнинг аксини ўлчаб, расмнинг қатламлари орасида нималар борлигини қайта тиклашга ёрдам беради.

Мона Лиза ўтган ярим асрдан кўпроқ вақт давомида турли илмий текширувлар марказида бўлган.

Аммо, жаноб Котте бу текширувларнинг ҳеч бири унинг усуличалик расмга чуқур кириб бормаганини айтади.

"Биз энди расм қатламларини худди пиёз қатламларидек арчишимиз мумкин. Биз расм яратилиши тарихини қайта тиклай оламиз", - деди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio