Россияда "илк ИШИДчи" жазоси кучга кирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россияда Исломий Давлат жангари гуруҳининг аъзоси деб топилган илк шахсга қарши жазо кучга кирди. Бу ҳақида хабар тарқатган росбалт агентлигига кўра, Москвадаги йирик автосервис эгаси Турал Рагимов Сурияда ИШИДнинг "Турк уйи" номли қисми таркибида жанг қилишда айбдор деб топилган.

Айловга кўра, Рагимов террорчиларни молиялаш ва янги жангариларни ёллаш учун Москвага қайтган.

Росбалтга кўра, Турал Рагимов ўз айбига тўла иқрор бўлгани, тавба қилгани ва терговчилар билан ҳамкорлик қилгани учун юмшоқроқ жазо олган, яъни тўрт йилга озодликдан маҳрум этилган. Судланувчи қарор устидан арз қилмаган.

Хавфсизлик хизматлари билдиришича, Рагимов аввалига Москвада муваффақиятли тадбиркор бўлган, аммо сўнгра радикал исломчилар таъсирига тушиб қолган.

У ўз даромадининг катта қисмини Яқин Шарқда жанг қилаётган жиҳодчиларга беришни бошлаган ва 2013 йил ёзида ўзи ҳам жанг қилиш учун Сурияга отланган.

Аммо, унинг ИШИДга қўшилиш йўлидаги илк ҳаракати муваффақиятсиз бўлган. Ўзини Сурияга ўтказишга рози бўлган одамлар билан учрашиш учун Туркияга учмоқчи бўлганида, қарзлари туфайли уни аэропортда ушлаб қолганлари айтилади.

Бироқ, кейинроқ у Минскка, сўнгра Киевга, у ердан эса Истамбулга учишга муваффақ бўлган.

Туркияда у автобусда Хатай қишлоғига етиб олгач, ИШИДчилар уни Суриянинг Ҳалаб шаҳрида ташқарисида жангариларни тайёрловчи жамлоққа олиб борганлар.

Хавфсизлик хизматларига кўра, Рагимов Беларусь орқали Москвага қайтиб, ёшларни Суриядаги жангга жалб қилиш йўлидаги амалиётларини бошлаб юборган. Ўз бизнесига харидор қидириш билан бир вақтда у ИШИД билан мунтазам алоқа қилиб тургани ва ИШИДга пул юборгани айтилади.

Рагимов 2014 йил кузида Москвада ИШИДга алоқадор гумондорларни ушлаш бўйича ўтган амалиёт чоғида қўлга олинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio