Франция: Учинчи ҳужумчи шахси аниқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Учинчи ҳужумчи 23 ёшли Фауд Муҳаммад Аггат экани айтилмоқда

Франция полицияси ўтган ой Париждаги Батаклан концерт залини нишонга олган учинчи ҳужумчининг шахсини аниқлаган.

Бу ҳақда маълум қилган Бош вазир Мануэл Валс ҳужумчининг номини очиқламаган, аммо у исми шарфини Франция фуқароси Фауд Муҳаммад Аггат деб келтираётган матбуот хабарларини ҳам рад қилмаган. 23 ёшли Фауд Муҳаммад Аггат Страсбургдан экани айтилади.

Батаклан концерт залига ҳужумлар 90 инсоннинг умрига зомин бўлганди.

Портловчи воситалар жойланган нимча кийган учала қуролли ҳам Франция фуқаролари бўлгани тасдиқланди.

13 ноябр куни Париж атрофидаги бошқа ҳужумларни амалга оширган бошқа ҳужумчилар эса, Франция ва Белгияда ўсган экстремистлар дея қайд қилинди. Ҳужумларда жами 130 киши нобуд бўлганди.

Хабар қилинишича, Муҳаммад Аггат 2013 йил охирларида Сурияга сафар қилган. Страсбургда радикаллашган ёшлар орасида Муҳаммад ва унинг акаси ҳам бўлган.

Ўтган йилнинг баҳорида Францияга қайтган қатор гуруҳлар ҳибс қилинганди.

Муҳаммад Аггат ўша пайтда Сурияда қолганига ишонилади.

ДНК намуналарини ўрганган полиция улар Муҳаммад Аггат оила аъзолариники билан мос тушганини тасдиқлаган.

Париждаги концерт залида ўзини портлатган икки ҳужумчи эса, Франция фуқаролари 29 ёшли Умар Исмоил Мустафо ва 28 ёшли Сами Амимоур экани айтилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ