Путин: ‘Қора қутини халқаро экспертлар ўрганишсин’

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Россия президенти Туркия уриб туширган Су-24 қирувчи учоғининг қора қутисини ўрганишга халқаро экспертларни ҳам жалб этишга қарор қилган.

Туркия Россия қирувчи учоғини шу йилнинг 24 ноябр куни Сурия билан ўзаро чегарасида уриб туширганди.

Расмий Анқара ўз қарори сабабини россиялик учувчилар ўз ҳаво ҳудудини бузиб кирганликлари билан изоҳлаганди.

Туркия томонининг даъво қилишича, уларни бир неча дақиқанинг ўзида қайта-қайта огоҳлантиришган ва огоҳликлари бежавоб қолгач, Су-24 қирувчи учоғини уриб туширишга қарор қилишган.

Аммо расмий Кремлнинг давомий равишда рад этишича, ўз учувчилари ноқонуний иш тутишмаган.

Қирувчи учоқнинг икки учувчиси парашютда ерга сакрашга муваффақ бўлишган. Аммо улардан бири кейинчалик ўлдирилган, бири омон қолганди.

Икковлонни қидириш учун олиб борилган қутқарув амалиёти чоғида ҳам россиялик ҳарбийлардан бири ҳаётдан кўз юмганди.

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу учоқнинг қора қутисини президент Путинга кеча сешанба куни тақдим этганди.

Владимир Путин билан учрашаркан, Россия Мудофаа вазири “ўз учувчисига ўтган очганларни “жангарилар”, деб атаган.

“Ўзлари ана шу “жангарилар” жойлашган ҳудудда фаол иш олиб боришгани, Сурия Қуролли кучларининг махсус бўлинмаси билан ҳамкорликда у ерни озод этишгани ва қора қутини ҳам ҳудудни кўздан кечираркан, суриялик ҳарбийлар топишгани”ни баён қилган.

Россия Мудофаа вазирига кўра, жангарилар қора қутини олиб кетишга улгуришмаган ва ўзлари уни Москвага келтиришга муваффақ бўлишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Президент Владимир Путиннинг айтишича, қора қутидаги ёзувлар Су-24 учоғининг ҳаракатланиш йўналиши ва уриб туширилган пайтда айнан қаерда бўлганини аниқлашга кўмак беради.

Аммо, худди шу сўзларни айтаркан, Россия раҳбари ўз Мудофаа вазиридан қора қутини ҳозирча очмасликларини илтимос қилган.

Бу ишни халқаро экспертлар билан ҳамкорликда қилиш ва ёзувларни синчиклаб ўрганиш лозимлигини айтган.

“Ўз гапимни индаллосидан бошлаб қўя қолай. Биз юз берган ҳодисанинг тагига етишимиз лозим. Аммо, якуний хулосамиз қандай бўлмасин, Туркия ҳукуматининг қилган ишига муносабатимиз ҳеч бир ўзгаришсиз қолади. Яна бир марта такрорлайман, биз Туркияни нафақат ўзимизга дўст давлат, балки террорга қарши урушда иттифоқчимиз сифатида ҳам кўриб келганмиз. Худди шу боис ҳам, ҳеч ким орқамиздан бу каби қабиҳона ва хиёноткорана зарба берилишини кутмаганди”, - дея баён қилган президент Владимир Путин.

Су-24 қирувчи учоғи билан юз берган ҳодиса бор-йўғи бир неча куннинг ўзида икки давлат ўртасидаги алоқаларга жиддий рахна солган.

Россия ҳукумати Туркияга қарши тўплам иқтисодий жазо чоралари киритган.

Туркиядан Россияга келаётган мева ва сабзавотларга тақиқ қўйган.

Расмий Анқара билан қатор қўшма лойиҳаларини тўхтатиб қўйишга қарор қилган.

Келаси йилнинг 1 январидан бошлаб икки ўртадаги визасиз тизимни бекор қилишини билдирган.

Ўз навбатида, Туркияни Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи билан ноқонуний нефть олди-бердисида айблаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Буларнинг барчаси ортидан, Туркия ҳукумати ҳам 7 декабр кунги йиғини чоғида Россияга қарши жавоб санкциялари киритиш масаласини муҳокама этганлигини маълум қилган.

Аммо бу ҳақда баён қилган Туркия Бош вазири Аҳмет Довутўғли сўз айнан қандай жазо чоралари хусусида кетаётганини очиқламаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ