Бокс афсонаси Муҳаммад Али Трампга қарши

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бокс афсонаси Муҳаммад Али мусулмонларга оид сўзлари учун Америка президентлигига республикачи номзод Дональд Трампни танқид қилиб чиқди.

“Мусулмонлар Исломдан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланувчи инсонларга қарши туришлари керак”, - деб айтган бокс афсонаси Дональд Трампнинг исм-шарифини тутмаган ҳолда.

73 ёшли боксчи жаҳондаги энг машҳур мусулмонлардан бири саналади.

Жаноб Трамп ўзининг сайловолди таблиғот амалиёти чоғида мусулмонларни Америкага киритмасликка чақирганди.

Унинг бу даъвати ҳам Америка ичкариси ва ҳғам ташқарисида кескин танқидларга сабаб бўлаётган эса-да, Дональд Трамп президентлик учун курашини давом эттиришини айтмоқда.

Душанба кунги чақириғи ортидан, Оқ Уй мусулмонларга оид сўзлари жаноб Трампнинг президентлик пойгасидан аллақачон чиқиб кетганини англатишини баён қилганди.

Муҳаммад Али ўзининг баёноти “Мусулмонларнинг Америкага миграциясини маън этишни таклиф қилаётган президентликка номзодларга қаратилгани”ни айтган.

“Улар кўпчиликни Исломни ўрганишдан безитишмоқда, ортга қайтаришмоқда”, - деган жаҳон бокс афсонаси.

Собиқ жаҳон чемпиони, ўз навбатида, Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи содир этаётган зўравонликларни ҳам кескин қоралаб чиққан.

“Ҳақиқий мусулмонлар ўзини Исломий Жиҳодчилар, деб атаётган шахслар содир этаётган шафқатсиз амаллар бизнинг динимизга мутлақ зид эканини яхши билишади”, - деб айтган Муҳаммад Али.

“Янглиш йўлда юрган бу қотиллар асл Ислом ҳақида одамларнинг қарашларини бузиб юборишди”.

“Мен ўзим мусулмонман. Париж бўладими, Сан Бернардино ёки дунёнинг қаерида бўлмасин, бегуноҳ одамларнинг ўлимига Исломнинг ҳеч бир алоқаси йўқ”, - дея баён қилган бокс бўйича уч карра собиқ жаҳон чемпиони.

Профессионал рингни тарк этиши ортидан, 1984 йилда Муҳаммад Алига Паркинсон хасталиги ташхиси қўйилган.

Асл исми Кассиус Клей бўлган бокс афсонаси 1964 йилда Ислом динини қабул қилиб, ўз исм-шарифини Муҳаммад Алига ўзгартирган.

Дональд Трампнинг ўз сайловчилари қаршисидаги даъвати эса, Американинг амалдаги президенти Барак Обаманинг мусулмонлар масаласида Оқ Уйда қилган чиқишидан кун ўтиб янграганди.

Президент Барак Обама, "мусулмон фуқароларини Америка жамиятининг бир қисми, деб атаган ва терроризмни мавҳ этмоқчи бўлишса, уларни энг кучли иттифоқчиларидан бири сифатида кўришлари шарт"лигини айтганди. Акс-ҳолда, бу - "Исломий Давлат"га қўл келиши билан огоҳлантирганди.

АҚШ президенти ва президентликка номзоднинг чиқишлари ўтган чоршанба куни Сан Бернардинода содир этилган ва ўндан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган отишма ортидан кузатилганди.

Маҳаллий полиция кучлари эса, бу ҳужумда мусулмон эр-хотинни гумон этишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ