Венгрияда Султон Сулаймоннинг қабри топилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Султон Сулаймон императорлиги Африкадан Болқонларга қадар узанган эди

Венгриянинг Сигетвар шаҳри яқинида 16-асрдаги Усмонли (Усмоний) туркларининг ҳукмдори Қонуний Султон Сулаймоннинг қабри топилган.

Бу ҳақда Будапештда ўтган матбуот анжуманида эълон қилинган.

Туркиянинг Венгриядаги элчиси Шокир Факили, Туркия ҳамда венгриялик олимлар қатнашган матбуот анжуманида маълум қилинишича, ҳаводан ва ердан олиб борилган тадқиқотлар натижасида қабр Сигетвар Узум тепалигида экани аниқланган.

Венгриялик ва турк олимларидан ташкил топган қўмита фаолияти натижасида қўлга киритилган маълумотларни профессор Норберт Пап тақдим этган.

Унга кўра, тепаликда фақат мақбара эмас, балки унинг атрофида ташкил топган кичик Усмонли мавзеъси қолдиқлари ҳам топилган.

1566 йилда Сигетвар қамали чоғида вафот этган Усмонли императори Сулаймон Қонунийнинг ички аъзолари Сигетварда дафн этилган, жасади эса Истанбулга юборилганди. Дафн ери кейинроқ мақбара ҳолига келган, аммо орадан йиллар ўтиб, Сигетвардаги қабр йўқолиб кетган.

Бир неча йил олдин Султон Сулаймоннинг қабрини аниқлаш бўйича махсус қўмита тузилганди.

Султон Сулаймон 1494 йил таваллуд топиб, 1566 йил вафот этган.

У ўзи яратган қонунлар тизими ёки тузуклар боис Қонуний номини олган.

Унинг ҳукмдорлигида Усмонли императорлиги дунёда энг қудратли ҳарбий ва маданий давлат бўлган.

Султон Сулаймон вафот этган пайтда Усмонли империясининг бир сарҳади Шимолий Африкага, яна бири эса Болқон ёки замонавий Венгрияга қадар етган эди.

Туркиялик киноижодкорлар Султон Сулаймоннинг ҳаётидан илҳомланиб, суратга олган "Муҳташам юз йил" кўп қисмли бадиий фильми дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан, ўзбекистонлик томошабинлар орасида ҳам шуҳрат қозонганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio