Путин: 'Сурияда аёвсиз қиринг!'

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa
Image caption Президент Путин энди Сурияда аёвсиз ҳаракат қилмоқчи.

Владимир Путинга кўра, Суриядаги Россия кучлари ўта аёвсиз ҳаракат қилиши лозим.

У, хусусан, Россия қуролли кучларига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай нишонни охиригача буткул яксон этиш кераклигини буюрди.

Россия Мудофаа вазирлиги мулозимлари учрашувида гапирган Президент Путин айнан кимлар Россия ҳарбийларига таҳдид солишини очиқ айтмаган.

Бироқ бир неча ҳафта олдин Туркия-Сурия чегарасида Россия бомбаловчи учоғининг турклар тарафидан уриб туширилиши Анқара ва Москва муносабатларини таранглаштириб юборди.

Туркияга кўра, Россия учоғи Туркия ҳаво ҳудудларини бузиб кирган ва берилган огоҳлантиришларга қулоқ солмаган.

Россия эса уриб туширилган пайти ўз учоғи Сурия ҳаво ҳудудида бўлганини иддао қилади.

Ўтган сентябрдан бери Сурияда ҳаво ҳужумларини бошлаган Россия расмий Дамашқ илтимосига мос иш тутаётганини айтади.

Москванинг таъкидлашича, Суриядаги ИШИД гуруҳи Россияга ҳам бевосита таҳдид солади.

Владимир Путин Суриядаги Россия ҳарбий базасига қўшимча ҳаво кучлари ва ҳарбий жиҳозлар етказилишини ҳам маълум қилди.

У ўз ҳарбийларига йўл-йўриқлар кўрсатаркан, Россия ҳарбийлари Суриядаги ҳатти-ҳаракатларини Исроил ва АҚШ бошчилигидаги халқаро иттифоқ билан мувофиқлаштириши лозимлигини урғулади.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқнинг айблашича, Россия кучлари Суриядаги зулмкор тузумга мухолиф бўлган мўътадил мухолиф кучларни нишонга олмоқда.

Москва айни айбловларни рад этиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ