'Аёл семирса, умри қисқаради'

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Семизлик ҳам бой, ҳам камбағал давлатларда муаммога айланмоқда.

"Семизлик аёлларнинг энг асосий қотили ва унга қарши курашга давлат миқёсида эътибор қаратиш зарур".

Британиянинг энг етакчи шифокори Селли Девис махсус тадқиқот натижасида чиқарилган ҳисоботда ана шундай, деб огоҳлантирган.

Ҳисоботга кўра, озиқ-овқат саноати устидан назоратни кучайтириш ҳамда одамлар ўзлари ейдиган таом таркибини билишлари шарт.

Шакарнинг ози яхши

Тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар таркибида нафақат ёғлар, балки уларни узоқ сақловчи турли кимёвий моддалар ҳамда шакар миқдори ҳам катта.

Ҳаддан ташқари кўп шакар истеъмол қилиш эса ҳар-хил касалликларга етаклайди.

Одамлар дўконлардаги қуруқ ё тайёр таомлар ичида қанча шакар ё қандай кимёвий моддалар борлигини тузук билишмайди.

Чунки Ғарбдаги маҳсулотлар устига ёзилган баъзи номлар остида қўшимча шакар ё кимёвий моддалар яширин бўлиши мумкин.

Ривожланаётган давлатларда эса бунга ҳар доим ҳам эътибор бераверишмайди.

Хоним Девиснинг айтишича, семизлик ҳозир аёллар умрини қисқартира бошлаган.

Image caption Ўзбек таомларида шакар кам, аммо ёғ кўп.

"Семизлик туфайли кўкрак, тухумдон ва бачадон бўйни саратони, қанд ва юрак-қон томир касалликлари кўпаймоқда".

Бачадон ё тухумдон саратонига чалинган хотин-қизларни ҳатто Британияда ҳам тўлиқ даволай олишмайди.

Шу боис ҳисботга кўра, агар озиқ-овқат саноати етарлича чора кўрмаса, уларга "шакар солиғи" солиш керак.

Семиз она - касал бола

Аёл ҳомиладор бўлганида, унинг семизлиги боласига ҳам салбий таъсир этади.

Хусусан, чақалоқ ҳам қанд касаллиги билан ё ортиқча вазн билан туғилиши мумкин.

Семиз она бачадонида ўсган бола ҳатто бир неча йиллар ўтиб, улғайганидан кейин ҳам қатор касалликларга чалиниши эҳтимоли катта бўлади.

"Ҳомиладор аёл икки кишининг овқатини ейиши керак каби гаплар асоссиз" - дейди Селли Девис.

"Шунингдек, оғироёқ аёллар кўпроқ мева-сабзавот ейиши ва умуман чекмаслиги ҳамда спиртли ичимлик исмаслиги керак".

"Агар семизликка қарши самарали чора кўрилмаса, мамлакат соғлиқни сақлаш тизими банкорт бўлади" - огоҳлантиради британиялик кардиолог профессор Ник Файнер.

"Кўп ҳам, кам ҳам еманг"

Британия олимларига кўра, болаларнинг кам овқат ейишини ҳам, кўп овқатланишини ҳам ота-оналар ва шифокорлар кузатиб боришлари керак.

Фото муаллифлик ҳуқуқи THINKSTOCK
Image caption Американи семиртирган бургерлар энди бутун дунёга тарқалмоқда...

Чунки нафақат кўп овқат ейдиган ёшлар, балки семирмаслик ниятида ўта кескин ва нотўғри парҳез қиладиган қизлар ҳам турли касалликларга йўлиқишади.

Шу боис ҳозир шифокорлар ҳар иккала ҳолатда ҳам ортиқча ё кам вазнни ўлчаб, керакли чораларни кўришлари зарурлиги айтилмоқда.

Энг қизиғи, шу пайтгача саратон касаллиги бой давлатлар касаллиги саналган бўлса, ҳозир камбағал ва ривожланаётган мамлакатларда ҳам кўп учрамоқда.

Бу ўринда, озиқ-овқат сифати ҳам муҳим омил саналади.

Чунки камбағал давлатларда ҳам тайёр ва ярим тайёр озиқ-овқатлар истеъмоли ошган. Уларнинг таркибида шакар, арзон ёғ ва кимёвий моддалар кўп.

Улар одамларни семиртириши ё турли касалликларга рўбару қилиши мумкин.

Белдан пастимиз - табу эмас

Хотин-қизлар муайян тана узвларидаги касалликлар ва муаммолари ҳақида очиқ гапираверишмайди.

Image caption Марказий Осиёда келинлар касал бўлса ҳам, шикоят қилмай, иш қилиши керак.

Хусусан, белимиздан пастдаги тана аъзоларимиз ҳақида иложи борича гапирмаймиз.

Маълум бўлишича, бу нафақат анъанавий жамиятларда, балки Британия каби Ғарб давлатларида ҳам кенг тарқалган одатдир.

Айниқса, қизлар ва ёш аёллар сийдик йўллари ва ҳожат чиқариш пайтидаги қийинчиликлар ё касалликларни илк паллаларида на оила аъзолари, на шифокорларга айтишади.

Шунингдек, сийдик ё нажосатни тутолмаслик ҳамда ҳайз кўришга оид муаммоларни ҳам уялиб, яширадилар.

Баъзида эса бу касалликлар ҳақида ўз бошлиқларига айта олмасдан, қийналиб бўлса ҳам ишга чиқадилар.

Марказий Осиё мамлакатларида эса қизлар ва ёш келинлар соғлиғи қандай бўлмасин, елиб-югуриб, иссиқ-совуқ демай хизмат қилишлари керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ