Иқлим битими: Нажот ё хўжакўрсин?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Президент Обама Парижда эришилган келишув дунёни қутқаришига ишонишини айтмоқда.

АҚШ президенти Барак Обаманинг айтишича, Парижда эришилган Иқлим Келишуви Ер сайёрасини асраш йўлида қўйилган муҳим қадамдир.

Заминни энг кўп ифлослантираётган Хитой ҳам Париждаги келишувни олқишлаган.

АҚШ ва Хитой каби сайёрамизни энг кўп ифлослантириб, энг катта миқдорда иссиқхона газларини чиқараётган давлатларнинг иқлим исишини жиловлаш йўлидаги келишувларга қўшилишлари катта қадам бўлмоқда.

Ҳалокатгача 2С

Маълумки, иссиқхона газлари ҳаво қатламида тиқилиб қолади ва заминни иссиқхонага айлантира бошлайди. Бу эса жаҳон бўйлаб иқлимни иситади.

Иқлим исиши музликларни эритади, уммонлар сатҳини кўтаради.

Натижада илк йиллари сув тошқинлари ва бошқа табиий офатлар кўпайса, келажакда дарёлар тортилади, сув қолмайди.

Хитой ва Ҳиндистон каби энди ривожланиб келаётган улкан иқтисодлар иқлим исишини тўхтатиш чақириқларига бир қадар истеҳзо билан муносабат билдириб келишарди.

Деҳли ва Пекинга кўра, иқлим исиши бир баҳона бўлиб, ўз вақтида иқтисоди ва саноатини ривожлантириб олган ҳамда дунёни энг кўп ифлослантирган Ғарб давлатлари энди уларга етиб олаётган бошқа мамлакатларга тўсқинлик қилишмоқчи.

Image caption Бой давлатлар иқлим исишига катта ҳисса қўшганлар, жабрини эса камбағаллар тортишмоқда.

Аммо эндиликда бу икковлон ҳам, АҚШ ҳам заминни асраш учун иқлим исишини жиловлаш ҳаракатларига қўшилмоқдалар.

Айни дамда, ҳозирги иқлим исишида инсоннинг ҳиссаси салмоқли эканлиги ҳам тан олинаётир.

Парижда йиғилган дунё раҳбарлари жаҳон бўйлаб иқлим исишини 2C, яъни икки даражадан паст ҳароратда ушлаб туришга келишдилар.

"Қисқа муддатда бу келишув сайёрамизга таҳдид солаётган СО2 ёки карбонат ангидрид газлари қамроқ чиқарилишини англатади" - деди Барак Обама.

"Узоқ муддатда эса СО2 газларини жиловлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ва экологик тоза иқтисодлар учун янги иш ўринлари яратилади".

Хўжакўрсин томоша

Бироқ 2020 йилда ишга тушувчи айни келишув давлатлар елкасига қисман мажбурият юклайди, холос.

Шу боис танқидчилар Париждаги келишувни аллақачон "хўжакўрсин томоша" деб аташмоқда.

Global Justice Now (Ҳозир Жаҳон Учун Адолат) ташкилоти Парижда эришилган келишув дунёни қутқара олмаслигини айтади.

"Муваффақият деб жар солинаётган келишув аслида дунёдаги энг кучсиз жамоалар ҳуқуқларини чеклайди" - деди Global Justice Now раҳбари Ник Деарден.

"Шунингдек, келажак авлодлар учун хавфсиз ва яшаш имконини берадиган сайёрани қолдириб кетишимиз йўлида бизнинг елкамизга ҳеч қандай мажбурият ҳам юкланмаяпти".

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Танқидчиларга кўра, чапак чалинди, шампан ичилди, хуллас, томоша кўрсатилди...

Ривожланаётган камбағал давлатлар ҳам ривожланган бой давлатларга тенг масъулиятни ўз бўйниларга олишса, бу уларнинг илгари силжишларига салбий таъсир қилади.

Ҳозирги келишувга биноан, шу сабабли ҳам ривожланаётган давлатлар учун ҳар йили 100 миллиард доллар маблағ ажратилиши белгиланган.

Ўз ўрнида, дунё бўйлаб ҳарорат кўтарилишини икки даражадан пастда ушлаб туриш ҳам кўпчилик учун муваффақият бўлавермайди.

Бангладеш каби ўта камбағал ва денгиз сатҳидан пастда жойлашган давлатлар бир даражали ҳарорат кўтарилиши олдида ҳам заиф қоладилар.

Яқин Шарқда ҳам 2С иқлим исиши ҳаёт кечиришини ўта қийинлаштириб юбориши мумкин.

Россияда эса агар ҳарорат бироз кўтарилиб, абадий музликлар эриса, муз остида "ухлаб ётган" хавфли касалликлар тарқалиши эҳтимоли кучаяди.

Емаган сомсага пул тўлаш

Иқлим исиши Марказий Осиё каби денгиздан узоқ, сув захиралари кам, саҳролашиш кучли минтақада ҳам ҳалокатли кечиши мумкин.

Минтақа иқтисодлари кучли ривожланмаган ва иқлимнинг исишида уларнинг ҳиссаси ўта кам.

Бироқ Сирдарё ва Амударёни сув билан таъминлайдиган музликлар эриши тезлашган.

Тожикистон ҳамда Қирғизистон вакиллари баъзи музликлар 20-30% эриганини айтишмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Помир ва Тяншан музликлари эриса, Сирдарё ва Амударё тортилиб, шундоқ ҳам Орол денгизини йўқотган Ўзбекистонда аҳвол янада танглашади.

Бир неча ўн йилликлар ичида эса бу музликларнинг ярмидан кўпи эриб битиши мумкин.

Ўзбекистон каби ўз сув захиралари жуда кам, аҳолиси катта ва аксар саҳродан иборат давлатлар учун иқлим исиши оқибатлари яхшилик келтирмайди.

Қолаверса, бу мамлакатнинг бошқа сув манбаларига чиқадиган йўллари ҳам йўқ.

Шунга қарамай, Ўзбекистон ҳамон ўта кўп сув талаб қиладиган пахта экишни давом эттирмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси ислоҳ қилинмаган ва бор сувдан тежаб фойдаланиш йўлида ҳам самарали чора-тадбирлар кўрилмаяпти.

Ўзбекистоннинг нафақат овлоқ қишлоқ ҳудудлари, ҳатто қатор шаҳарларида ҳам оддий тоза ичимлик суви муаммога айланган.

Мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда саҳролашиш ва ернинг шўрланиб, ишдан чиқиши ҳам жадал давом этаяпти.

Иқлимнинг янада исиши эса Ўзбекистондаги ҳаёт шароитларини бундан ҳам баттар аҳволга солади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ