“Мени қийноққа солишганини британиялик жосус кўрган”

Image caption "Мени қийнашганини британиялик жосус кузатиб ўтирган..."

Дунёдаги энг машҳур қамоқхона Гуантанамодан чиққан сўнгги британиялик маҳбус Шакер Амерга кўра, у ҳукуматни маҳкамага бериш ниятида эмас.

Шакер Амер Афғонистонда қўлга олинар экан, АҚШнинг бу мамлакатдаги ҳисбхонасида қийноққа солинганини айтган.

У ўзининг калтакланишини Британия мулозими кузатиб турганини даъво қилган.

Шунга қарамай, Амер ҳеч кимни ўз иши бўйича маҳкамага тортиш ниятида эмаслигини айтган.

Шакер Амер 48 ёшда ва у 14 йиллик айрилиқдан кейин ўз оиласи билан кўришганидан қанчалар мамнун экани ҳақида гапирган.

У ўзининг Буюк Британияга хатар эканини рад этган.

У Британия ҳукуматини маҳкамага тортиш ниятида эмаслигини урғулар экан, “ Мен ўтмишдаги воқеалар бўйича маҳкама одил ҳукм чиқаришига ишонмайман”, деб айтган.

"Мен ҳеч кимни маҳкамага тортмоқчи эмасман. Ўтмишда ким қандай мавқеида бўлганини суриштирмоқ ниятим йўқ, фақат одамлар рост сўзлашини истайман”.

У товон пули ҳақида ҳам гапиришдан бош тортган.

Шакер Амернинг назарида “исломий эктремизмнинг урчишига сабаб адолатсизликдир”.

Айни шу адолатсизликлар унинг фикрича “ғазаб ва нафрат” туйғуларига “озуқа” бўлмоқда.

Аввалроқ у Британия газеталаридан бири билан суҳбатда британиялик аскар Ли Ригбининг Лондон кўчасида ўлдириб кетилганини қоралаганди.

“Бунақа одамлар Британиядан йўқолсин”, деган эди у бу суҳбатида.

“Мутлақо ноинсоний муносабат”

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Гуантанамодан аввал

Шакер Амер 2001 йилда Афғонистонни америкаликлар истило қилишган даврда қўлга олинганди.

Америкаликлар ваъда қилган каттагина маблағ илинжида бўлган маҳаллий гуруҳлар уни сотиб юборишади.

Аввалига Афғонистондаги Америка ҳибсхонасида сақланган Амерни, 2002 йилда Гуантанамога жўнатишади.

АҚШ жосуслик хизматларига кўра, Шакер Амер Усама бин Лоден билан бирга ишлаган.

Аммо Амер Афғонистонга хайрия учун борганини айтади.

Шакер Амерга маҳкамага тортилмаган, 2007 йилда унга қўйилган айблар олиб ташланган.

Асли саудиялик Шакер Амер икки ой аввал Британияга қайтганди.

У озод этилар экан, оиласи бағрига қайтишини ўйлаб қаттиқ ҳаёжонланганини айтади.

Ўз болаларимга бегона бўлиб қолдиммикан дея қўрққанини яширмайди.

Унинг фарзандларидан бири Гуантанамога келган йили таваллуд топганди.

"Улар менга қарашиб, кўзларига ишонишмас эди...Ким бу одам деб ўйлашган бўлишса керак. Уларнинг кўзларидаги ифодада мен ўзимни бегона ҳис қилардим”, дейди Амер.

У Афғонистонда тергов қилинар экан, терговчилардан бири қизингни зўрлайман деб қўрқитганини эслайди. Амернинг қизалоғи ўша пайт беш ёшда эди.

"У менга хотининг ва қизинг биз билан, агар гапирмасанг, мен қизингни зўрлайман, қизингни “дада, дадажон” деб йиғлаганини эшитасан деган эди”.

"Бу мутлақо ноинсоний муносабат эди. Калтаклашдан ҳам баттар эди бу...мен ўша ерда фақат қилт этмай ўтирдим...”

Би-би-си билан суҳбатда Шакер Амердан унинг Ал-Қоида билан алоқаси ҳақида сўралган.

У бу гуруҳ билан мутлақо алоқаси йўқлигини урғулаган.

Амер ўзининг Усама бин Ладенга алоқаси ҳақидаги даъволарни ҳам кескин рад қилган.

“Қани? Қаерда? Қачон? Кўрсатинг исботларингизни”, деб айтган Амер.

Афғонистонда экан, Амер қудуқлар қазиш, мактаблар очиш каби хайрия амалларида қатнашганини айтади.

Афғонистонда Шимолий Иттифоқ мухолиф кучлари томонидан ҳибсга олинган Амер, ўзининг калтакланиши ва тергов қилинишини Британия жосуслик хизмати ходими кузатиб турганини айтади.

“Бошимни деворга уришарди, аёвсиз уришарди”, деб хотирлайди Амер.

Унинг айтишича, бу қийноқларни британиялик жосус кузатиб турган.

“Мен бунга 90 фоиз ишонаман, у инглиз эди, ўзининг тутиши ва гапириши инглиз эди...Мендан узоқда ўтирди, эҳтиёткор эди”, деб хотирлайди Шакер Амер.

Британия парламентининг консерваторлар партиясидан аъзоси Доминик Гриив Жосуслик ва Хавфсизлик қўмитасининг раисидир.

У Шакер Амер ўз қўмитасига гувоҳлик беришига умид қилишини айтади.

Бу жараёнга собиқ Бош вазир Тони Блейр ва ўша пайт Ички ишлар вазири Жек Строуни ҳам таклиф қилиши эҳтимолини рад этмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio