АҚШ ва Россия Сурия бўйича келишув йўлини қидирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Керри ва Лавров

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Москвага келган.

Бу сафардан мақсад икки мамлакатнинг Сурия бўйича эҳтимолий тинчлик музокараларига доир фарқларни имкон қадар аритишдир.

Россия Ташқи ишлар вазири билан учрашувдан аввал Керри ўз ҳамкасби билан умумий тил топишиш истаги борлигини изҳор қилган.

Владимир Путин билан учрашувларида Жон Керри Сурия тинчлик музокараларига қайси гуруҳларни киритиш масаласини муҳокама қилади.

Икки ўртада айни масалада жиддий фарқлар сақланиб қолмоқда.

Вашингтон ва Москва ўтиш даврида Башар ал Асадга қандай мавқеи берилиши борасида ҳам ихтилофдадир.

Америка Асад истеъфо бериши керак деб ҳисоблайди, Россия эса унинг тақдирини Сурия халқи ҳал этиши керак деган фикрда.

Россия сентябр ойида Асад ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун Сурияда бомбардимон кампаниясини бошлаб юборганди.

Москва Сурияда фақатгина “террорчилар”ни бомбалаётганини айтади, аммо қатор суриялик фаоллар, Россия учоқлари исёнкор гуруҳларни ҳам нишонга олаётганини урғулашади.

Америка бошчилигидаги иттифоқчи кучлар эса ўтган йилдан бери ИШИД жангариларини бомбалаб келаётганини айтади.

Иттифоқнинг айни ҳарбий амалиёти Дамашқ билан мувофиқлаштирилмайди.

Россия ўтган ҳафта Сурия мухолифати ва қуролли гуруҳлар иштирокидаги учрашув натижаларини рад этган эди.

Москванинг ишонишича, Риёдда кечган бу учрашув барча томонларни қамраб олмаган ва айрим “террорчи гуруҳ”лар ҳам аралашган.

Учрашув иштирокчилари чиқарган баёнотда тинчлик музокараларнинг шартлари белгиланган.

Унга кўра, президент Асад ва унинг ёрдамчилари ўтиш даврида ҳеч қандай мавқеига эга бўлишмайди.

ИШИДга доир Россия ва АҚШ якдил мавқеида экани айтилади.

Вашингтон ва Москва бу гуруҳни “дунёнинг барча давлатларига хатар” деб танийди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ