‘Gallup’: Америкаликларни энг кўп нима қўрқитади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Агар, янги сўров натижаларига таянилса, террорчилик...

Нуфузли “Gallup” омма фикрини ўрганиш маркази маълумотларига таянилса, қарийб ҳар олти америкаликдан биттаси бугун худди ана шундай фикрда экан.

Марказнинг эътироф этишича, Америка Қўшма Штатларида бу каби кайфият 2001 йил 11 сентябр ҳужумлари ортидан илк бор кузатилмоқда.

Яъни, бу йил америкаликларни ташвишга солаётган муаммолар рўйхатида террорчилик қолган барча одатийларини ортда қолдириб кетган.

На-да АҚШ иқтисодининг аҳволи ва на-да Америка ҳукуматининг фаолияти – бирортаси террорчилик муаммоси яқинига йўлай олмаган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, “Gallup” нинг янги сўрови Париж ва Калифорниядаги қонли ҳужумлар ортидан ўтказилган.

Сўнгги сўров бу каби кайфият ҳозир демократлардан кўра, республикачилар орасида кучлироқ кўзга ташланишига ҳам далолат қилган.

Агар, ҳатто, “Gallup” нинг ўзи томонидан олиб борилган сўров натижаларига таянилганда ҳам, бор-йўғи бир йил аввал иқтисод – Америка халқини энг кўп ташвишга солган муаммо бўлган.

Иқтисоддан кейин улар Америка ҳукуматининг фаолияти ва ишсизлик кўламидан жиддий хавотирда эканликларини изҳор этишганди.

Ғарбий Африкани ўз забтига олган ҳалокатли Эбола хасталиги эса, ўтган йили илк бор америкаликларни қўрқитган ўнта муаммодан биттасига айланганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аммо янги сўровнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, террорчилик – асосий муаммомиз деб турган америкаликларнинг сони 20 фоизга етай, деб турганда, иқтисоднинг аҳволи ҳақида қайғурганларнинг миқдори бунинг ярмига ҳам етмаган.

Яъни декабр ойидаги натижалар 2007 йилдан буён илк бор иқтисод оз сондаги америкаликларни ўйлантираётганига далолат қилган.

Лекин, шунда ҳам, муаллифларнинг эътироф этишларича, иқтисод – ҳозир ҳам америкаликларнинг энг асосий суҳбат мавзуларидан бирилигича қолган.

Агар, янги сўров натижаларига таянилса, Америка халқининг “бошини қотираётган” муаммолар рўйхати яна биттага бойиган.

Ўн фоизга яқин америкалик қурол-яроғ ва уларнинг назоратини мамлакатлари тўқнаш келиб турган муаммолардан бири сифатида алоҳида қайд этиб ўтишган.

Муқояса ўрнида айтиладиган бўлса, дейлик, 2013 йилда бундай фикрда бўлган америкаликларни учратиш қийин бўлган.

Худди шу манзарада бу яқин йиллар назарда тутилганда, ҳукумат ўзларини террорчилик балосидан ҳимоя эта олишига ишонган одамларнинг сони ҳам Америкада озчиликни ташкил этган.

Марказ тадқиқотчиларига кўра, аксарият одамлар кайфиятидаги бу каби қараш АҚШ ҳукуматининг террорчилик хавфига қанчалик бас келиши ва дунёнинг қай бир нуқтасида бўлмасин, йирик ҳужумларнинг нечоғлиқ амалга ошиши-ошмаслигига боғлиқ.

Американинг нуфузли “Gallup” омма фикрини ўрганиш маркази ўзининг сўнгги сўровини 2-6 декабр кунлари оралиғида олиб борган.

Марказнинг сўрови телефон суҳбатларига асосланган ва бутун Америка Қўшма Штатларини қамраб олган.

Сўров жараёнида ёши 18 дан катта бўлган 824 кишининг фикри ўрганилган. Иштирокчилар алоҳида танлаб ўтирилмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, президент Барак Обама ҳам ўзининг қарийб саккиз йиллик бошқаруви даврида Оқ Уйда қилган бор-йўғи учинчи чиқишини ўтган ҳафта айнан террорчилик муаммосига бағишлаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ