Россия: ‘Туркияга уч шартимиз бор...’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг баён қилишича, ўзини ҳақ, деб туриб олгандан кўра, Туркия уриб туширилган Су-24 учоғи учун товон пули тўлаши, узр сўраши ва бу каби воқеа қайтиб такрорланмаслигига кафолат бериши лозим.

Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири муовини Алексей Мешков баён қилган.

Россиялик юқори мартабали мулозимга кўра, Туркия раҳбарияти айбни ўз бўйнидан соқит қилишга ортиқ уринмасдан, Россиянинг Суриядаги қонуний амалларини қоралашни ҳам бас қилиши керак.

Алексей Мешковнинг айтишича, “Россия қирувчи учоғи ва унинг экипаж аъзоларига қарши ҳужум – муносиб жавобсиз қолмайдиган жиддий жиноятдир”.

“Қўлларидаги маълумотлар эса, Су-24 қирувчи учоғининг уриб туширилиши Россияга қарши аввалдан режалаштирилган бир амал эканига далолат қилмоқда”.

Россиялик дипломатнинг иддао қилишича, Туркия томони ўз қилмиши билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва ўзлари билан 1992 йилда имзоланган давлатлараро муносабатларда куч қўлламасликка оид низом ва битимга зид иш тутган.

“Узр сўрашимизни хаёлингизга ҳам келтирманг”

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Юз берган ҳодисадан пушаймон эмасликларини айтган Туркия раҳбарияти бундан аввал худди шундай баёнот билан чиққанди.

Туркия томонига кўра, Россиянинг Су-24 қирувчи учоғини ҳақли равишда уриб туширишган.

Расмий Анқаранинг баён қилишича, қирувчи учоқ ўз ҳаво ҳудудларини бузиб кирган ва ўз йўналишини ўзгартириш талабига қулоқ тутмаган.

Аммо, Россия ҳукумати умуман бошқача фикрда: Уларга кўра, Су-24 Сурия осмонида бўлган ва Туркия томонига ўтмаган.

Туркия Россиянинг Су-24 қирувчи учоғини шу йилнинг 24 ноябр куни Сурия билан ўзаро чегарасида уриб туширганди.

Россия буни тажовузкорлик, деб баҳолаган, Туркиянинг ўзини эса, террорчиларнинг ҳамтовоғи эканликда айблаганди.

Ҳодисада қирувчи учоқнинг икки учувчисидан бири ҳалок бўлганди.

Дарз етган муносабатлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Юз берган воқеа қисқа вақтнинг ўзида икки давлат ўртасидаги муносабатларга жиддий рахна солишга улгурган.

Россия ҳукумати саноқли кунларнинг ичида Туркияга қарши қатор иқтисодий санкциялар киритган.

Туркиядан келаётган мева ва сабзавотларга тақиқ қўйган, турк ширкатларида ишлашни чеклаган.

Туркияга уюштирилаётган саёҳатларни маън қилган, чартер рейсларни бекор қилган, турк юк машиналари ва Қора денгиздаги юк кемалари устидан назоратни кучайтирган.

Бундан ташқари, Россия келаси йил 1 январидан бошлаб Туркия билан икки ўртадаги визасиз тизимни бекор қилишга ҳам қарор қилган.

3 декабр куни қилган телевизион мурожаатида эса, Россия Президенти Владимир Путин Туркияни ҳали қилган ишларидан яхшигина пушаймон бўлишлари билан огоҳлантирганди.

Россиянинг амалларига “оғир-босиқлик билан жавоб қайтариши”ни баён қилиб келаётган Туркия ҳукумати эса, яқинда қарши жазо чоралари масаласини муҳокама этишганини маълум қилган.

Аммо сўз Россияга қарши айнан қандай санкциялар хусусида кетаётгани тафсилотларини очиқламаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ