Россия қарздор Украинани "судга беради"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Россия Украина қарзини қайта кўриб чиқишга тайёр, аммо фақат ўз шартларига биноан

Агар Украина 31 декабргача Россия олдидаги 3 миллиард долларга тенг қарзини тўламаса, Москва уни судга беради. Бундай огоҳлантириш билан Россия молия вазири Антон Силуанов чиқди.

Жума куни Киевда Бош вазир Арсений Яценюк Россияга қарзини тўлашни вақтинча тўхтатиб қўйганини эълон қилди.

"Молия вазирлиги тасдиғига биноан, бу расмий қарз. Агар Украина 31 декабргача қарзни тўламаса, Россия мажбурий тарзда бу миқдорни ундириб олиш учун судга мурожаат қилади", - деди жаноб Силуанов.

Вазирнинг айтишича, Украина ўз қарзи борасида дефолт эълон қилишдан аввал, Россия билан бу масалани муҳокама қилиши керак эди. Унга кўра, Киевнинг мораторий эълон қилгани унинг қарздорлигини бекор қилмайди.

Можаро 2013 йилда Россия томонидан 3 миллиард долларга сотиб олинган Украина еврооблигацияларига бориб тақалади.

Украина томони бу савдо тижорий бўлгани, ва шу сабаб, қарзнинг 20 фоизи кечиб юборилиши кераклигини айтади. Украинанинг айтишича, бошқа тижорий кредиторлар шундай йўл тутади.

Россия эса мазкур қарз давлат қарзи, яъни расмий қарз, деган фикрда.

Аввалроқ Президент Путин агар АҚШ, Оврўпо Иттифоқи ёки қайсидир нуфузли халқаро ташкилот Украина қарзи тўланишига кафолат берса, қарзни тўлаш муддатини уч йилга узайтиришга рози бўлишини билдирганди.

Путин таклифига биноан, Украина жорий йил қарзни тўлаши шарт эмас, аммо 2016-2018 йилларда йилига 1 миллиард доллардан тўлаши керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio