Мигрант қаерда энг кўп пул топади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Агар, Жаҳон Банкининг янги ҳисоб-китобларига таянилса, Америка Қўшма Штатларида.

Яъни, жаҳон миқёсида олганда, Америка четдан келган меҳнат муҳожирлари ўз юртларига энг кўп пул юбораётган мамлакат бўлиб чиққан.

Жаҳон Банкининг бу йилги рўйхатида юқори учликни Саудия Арабистони ва Россия тўлдиришган.

Америка Қўшма Штатларида меҳнат муҳожирларининг жаъми йиллик соф даромадлари $56 миллиард долларни ташкил этган.

Саудия Арабистонидагилари $37 миллиард доллар ишлаган бир пайтда, Россиядаги мигрантларнинг улардан тўрт миллиард доллар камроқ пул ишлашгани маълум бўлган.

Бу учовлоннинг ортидан, Олмония, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Франция, Канада, Испания ва Австралия дунёдаги меҳнат муҳожирларини ўзига энг кўп жалб этувчи давлатлар ўнлигидан жой олишган.

Умуман олганда эса, дунёнинг турли бурчакларида меҳнат қилаётган муҳожирлари ўз яқинларига жаъми $601 миллиард доллар маблағ юборишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу - Жаҳон Банкининг 2012 йилги маълумотлари билан таққосланганда, нақ $200 долларга кўп пул деганидир.

Шундан $441 миллиарди иқтисоди ривожланаётган давлатлар фуқароларининг ҳиссасига тўғри келган.

Жаҳон Банкига кўра, бу – мазкур давлатларга берилаётган халқаро молиявий ёрдамлардан икки баробар кўпроқ маблағ, деганидир.

Иқтисодий таҳлилчиларга кўра, тўғридан-тўғри сармоялар миқдори кескин пасайиб кетган бир пайтда, четдаги фуқаролари юбораётган бунча пул улар мамлакатларининг иқтисодига ҳам ниҳоятда оро кирган.

Ўзбекистон дохил аксарият Марказий Осиё давлатлари учун эса, бу пуллар, йилларки, ижтимоий муҳофаза камари вазифасини бажариб келган.

Бу йил энг кўп пул Ҳиндистон($72 миллиард)га кетган.

Хитой эса, Ҳиндистондан кейин четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари орқасидан энг кўп пул ишлаган иккинчи давлат бўлган.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бутун дунёдаги меҳнат муҳожирларининг сони бугун икки юз миллион кишидан ортади.

Аммо..

Аксарият Марказий Осиё давлатлари мисолида бўлгани каби, Россиядан Ўзбекистонга ҳам пул ўтказмалари қарийб ярмига камайган.

Россия Марказий Банки куни-кеча эълон қилган сўнгги рақамларга кўра, жорий йилнинг илк олти ойида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ватанга юборадиган пуллари миқдори 54,7%га қисқарган ва 1 миллиард 149 миллион долларга тушиб қолган.

Бор-йўғи ўтган йил бу миқдор 5 ярим миллиард доллардан ортиқ маблағни ташкил қилган.

Ундан аввал эса, ҳатто , бу пуллар 7 миллиард доллардан иборат экани ҳақида ҳам хабар қилинган.

Мазкур ҳолат Россия рубли қадрининг тушиб кетиши ва маошлар камайиши билан изоҳланаяпти.

Аммо, худди шу манзарада, жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистондан Россияга юборилаётган пул-маблағлар миқдори 10 фоизга ўсиб, 150 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Бу ҳақда “TMT Консалтинг” агентлиги ва Contact тўлов тизими шу йил июл ойида эълон қилган маълумотлар далолат қилганди.

Мавжуд ҳолат ҳам жаҳоннинг етакчи валюталарига нисбатан Россия рубли қурбининг тушиб кетиши билан изоҳланганди.

Меҳнат муҳожири Россияда ишлаб топаётган пулнинг АҚШ долларидаги нисбати ўтган йилга нисбатан қарийб икки баробарга камайгани ҳолда, рублнинг тушиши манзарасида ўзбекистонликлар Россиядан арзонроқ нархдаги мол ва кўчмас мулкни кўпроқ сотиб олаётганликлари кузатилган.

Умумият-ла, ўзбек меҳнат муҳожирлари 2015 йилнинг биринчи уч ойлигида Россиядан пул ўтказмалари ҳажми бўйича биринчиликни сақлаб қолишган.

Пул ўтказмалари ҳажмининг камайиб кетиши барча МДҲ давлатларида кузатилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Таҳлилчиларга кўра, пул ўтказмаларининг камайиб кетишига рублнинг қадрсизланиши билан бирга Россиядаги муҳожирлик тартибининг кучайтирилиши ҳам сабаб бўлган.

Айни пайтда Россиядаги иқтисодий инқироз хорижий ишчи кучи оқимининг кескин камайиб кетишига олиб келмаган.

Федерал Муҳожирлик Хизмати берган рақамларга кўра, 2015 йилнинг илк чораги охирида Россия ҳудудидаги хорижий ишчилар сони 10.9 миллион кишини ташкил этган.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1.7 фоиз кўп демакдир.

Расмий рақамларга кўра, ҳозирда Россияда 2.1 миллион Ўзбекистон фуқаролари бор.

Аммо норасмий маълумотларда уларнинг сони расман айтилаётганидан анча кўп экани тахмин этилади.

Россия ва Қозоғистонга иш излаб кетаётганларни Ўзбекистонда расман "мавжуд ноз-неъматларга шукур қилмай, мўмай пул топиш илинжида четга кетаётганлар" деб тасвирлашади.

Қатор муҳожирлар уйинини тиклаб олиш, тўй қилиш ва ё оиласи учун доимий даромад келтирадиган автомашина сотиб олиш ниятида Россияда ишлашаётганини тан оладилар.

Аммо Россия кўчаларида оғир ишларни қилаётган аксар муҳожирларга кўра, улар бор-йўғи болаларига нон топиб бериш илинжида ватанни ташлаб келишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio