Россия: ‘Толибон билан манфаатимиз бир’

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путиннинг Афғонистондаги махсус вакили Замир Кабулов баён қилган.

Россиялик юқори мартабали бу дипломатнинг айтишича, мамлакати Толибон ҳаракати каби Афғонистондаги ИШИД гуруҳига қарши курашдан бирдек манфаатдор.

“Бу масалада толибларнинг қизиқишлари шундоқ ҳам бизники билан мос келади. Ахборот алмашиш учун толиблар билан лозим каналларга эга эканимиз ҳақида эса, бундан аввал ҳам айтганман”, - дея баён қилган Россия президентининг махсус вакили.

Замир Кабуловга кўра, Россия Афғонистонга қурол-яроғ етказишга тайёр.

Россия томони, ўз ўрнида, Афғонистондаги Нато кучларининг афғон ҳарбийларини тайёргарликдан ўтказиш ишларидан ҳам қониқиш ҳосил қилмаганини изҳор этган.

Президент Владимир Путин махсус вакилининг сўнгги чиқиши эса, Афғонистон Толибон ҳаракати жанубий Ҳелманд вилоятининг йирик туманларидан бири – Сангинни деярли босиб олган бир манзарада янграмоқда.

Ҳелманд Қандаҳор вилояти билан бирга Афғонистонда Толибон ҳаракатининг иккита асосий таянч нуқтасидан биттаси сифатида кўрилади.

Сўнгги пайтларда Россия ҳукумати Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий-шарқий минтақаларидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятдан жиддий хавотирга тушиб қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия томони Афғонистондан келаётган таҳдид борасидаги ташвишларини, ҳатто, президенти Владимир Путин даражасида баён қилишгача борган.

Жумладан, жаноб Путин сўнгги йиллардаги чиқишларида Афғонистондаги вазиятнинг Ироқдагиси каби тус олиб кетишидан жиддий хавотир изҳор этиб келади.

Афғонистон шимоли-шарқида жорий йил бошидан буён ноодатий равишда толибларнинг ниҳоятда фаоллашгани кузатилади.

Худди шу манзарада афғонистонлик масъуллар ИШИД жангариларининг ҳам минтақага кириб келишга муваффақ бўлишганини айтишади.

Улар бу жангариларнинг аксариятини ўтган йил сентябр ойида ИШИД гуруҳига тўлиғича расман байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларига нисбат беришади.

Аммо, айни ўринда таъкидлаш жоиз, Россия дипломатининг сўнгги чиқиши Афғонистон Толибон ҳаракатининг ИШИД билан муносабатлари зиддиятли бўлган бир вазиятга тўғри келмоқда.

Бир томондан, жорий йилда Толибон ҳаракати “ИШИД жангарилари” билан уюштиришга муваффақ бўлган йирик ҳужумлар ва муайян муддатга бўлсин, қўлга киритишга муваффақ бўлган устма-уст муваффақиятлари ҳам айнан Афғонистоннинг шимолий-шарқий вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Бошқа тарафдан, сўнгги пайтларда Афғонистоннинг қатор жанубий, жанубий-шарқий ва шарқий вилоятларида кузатилаётган қақшатқич жанглар айнан толиблар ва ИШИД жангарилари орасида кечаётгани кузатилади.

Мавжуд ҳолатга баҳо берган халқаро ҳарбий таҳлилчилар эса, Афғонистонда бугун шаклланган вазиятнинг ниҳоятда чигаллиги ва афғон ҳукуматининг янги пайдо бўлаётган хавфга бардош бериши осон бўлмаслиги билан ҳам огоҳлантиришади.

Хавотирлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Худди шу манзарада Россия ҳукумати афғон ҳукуматига расмий баёнот билан чиққан ва уларни Афғонистон шимоли-шарқига хавфсизлигига жиддий эътибор қаратмаётганликда айблаганди.

Россия президенти эса, хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги ортидан Афғонистондаги вазият осон бўлмаслиги билан огоҳлантириб, агар, лозим бўлса, мамлакати у ердаги вазиятни барқарорлаштиришда кўмак беришга ҳозир эканини ҳам баён қилганди.

Бундан ташқари, Россия ўзиники дохил собиқ Шўро давлатларидан Сурия ва Ироққа жанг қилиш учун кетаётган одамлар сонининг ортиб бораётганидан ҳам хавотирда.

Расмий Кремль, бир томондан, айни шу ташвишлари боис ҳам, шу йил сентябр ойида ИШИДнинг Суриядаги нишонларига қарши қаратилган ҳаво ҳужумларига қўшилганлигини айтади.

Россия яқинда ИШИД билан бирга Сурияда фаол бўлган “Нусрат жабҳаси” гуруҳини ҳам “террорчи ва экстремистик ташкилот”, деб эълон қилган.

Бу икки гуруҳнинг ўз ҳудудида фаолият юритишини расман тақиқлаган.

Расмий манбаларда Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи сафларида жанг қилаётган Россия фуқароларининг сони 1.500 атрофида экани тахмин этилади.

Ўтган ой Россия Федерал Хавфсизлик Бюроси раҳбари муовини ва миллий аксилтеррор қўмитаси бошлиғи Евгений Сисоев эса, янада жиддийроқ баёнот билан чиққанди.

Россиялик юқори мартабали хавфсизлик мулозими Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг Афғонистон шимолида ўз вилоятига асос солиш режаси Марказий Осиё, Эрон ва Хитойга таҳдид солмай қўймаслиги билан огоҳлантирганди.

Жаноб Сисоевнинг таъкидлашича, бошқа террорчи гуруҳлар қаторида "шу йил йил январ ойида Хуросон амирлигини барпо этажагини эълон қилган ИШИД ҳам Афғонистонда ўз мавқеъларини мустаҳкамламоқда".

"ИШИДнинг ушбу режасига мувофиқ, Афғонистон исломий квазидавлатнинг янги вилоятини ташкил этишда бошланғич майдонча вазифасини ўташи лозим. Унинг таркибига эса, Афғонистондан ташқари, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Хитойнинг шимолий-ғарбий вилоятларини қўшиб олиш режаланган", - деб айтганди жаноб Сисоев.

Унинг бу сўзлари Марказий ва Шарқий Оврўпо, шу жумладан, Марказий Осиё давлатлари прокурорлари халқаро уюшмасининг Сочида бўлиб ўтган 7-минтақавий анжумани чоғида янграганди.

Россиялик юқори мартабали хавфсизлик мулозимининг наздида, "Туркманистон исломий партияси" каби Афғонистонда фаолият юритаётган бошқа террорчи гуруҳларнинг ҳам "Исломий Давлат" сафларига ўтиши мавжуд таҳдидга асос солган яна бир омилга айланган.

Евгений Сисоевга кўра, бу каби ҳолат Сурия, Ироқ ва Афғонистонга интилганлари дохил Марказий Осиё фуқаролари орасида ҳам террорчилар тарафдорлари сонининг ортишига хизмат қилиши мумкин.

Аммо, энг қизиғи, худди ўша чиқишида Россия миллий аксилтеррор қўмитасининг раҳбари Афғонистон Толибон ҳаракатининг жорий пайтда қанчалик фаоллашиб бораётганига ҳам диққат қаратган.

Ҳаракат Афғонистоннинг жануби, жануби-шарқи, шимоли ва марказидаги стратегик жиҳатдан муҳим туманларда ўз мавқеини мустаҳкамлаб олаётганини айтганди.

Лекин, шунга қарамай, ўтган 13 йил давомида Россия Афғонистонга ўз ҳарбий қўшинларини юбормаган.

Фақат таъминот ишлари ва АҚШ билан ҳамкорликда Афғонистон хавфсизлик кучларини қуроллантириш ишларига бош қўшиб келган.

Афғонистонни қайта тиклаш ҳаракатларида молиявий жиҳатдан кўмак берган.

Орада Афғонистоннинг Шўролар давридан қолган 10 миллиард доллардан ошиқроқ қарзидан ҳам буткул воз кечган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Собиқ Шўролар Иттифоқи ҳам 10 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан, 1989 йилда Афғонистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бунинг ортидан, Афғонистон бир неча йилга чўзилган қонли фуқаролар урушига ботган ва алал-оқибат буларнинг барчаси 1996 йилда қудратга толибларнинг келиши билан якун топганди.

Жорий пайтда дунёдаги энг бойвачча ва қудратли гуруҳ саналаётган ИШИД эса, шу йил бошида Афғонистонга шундоқ қўшни Покистонда ўзининг Жанубий Осиёдаги тармоғига асос солган ва орада кечган вақт давомида аксариятини собиқ толиблар ташкил этувчи юзлаб янги аъзолар ёллашга муваффақ бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ