Белгия: "Янги йил ҳужумини режалаганлар қўлга олинган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Белгия полицияси хабар қилишича, Брюсселда Янги йил байрами пайти ҳужумларни уюштиришни режалаштирган икки кишини ҳибс қилган.

Ҳибслар 27 декабр ва 28 декабр кунлари бўлгани, рейдлар Брюссел шаҳри, Флемиш Брабант ва Лбеж вилоятларида амалга оширилгани хабар қилинмоқда.

Полиция хабарига кўра, рейдлар чоғи ҳарбий кийим-бош ва компютер жиҳозлари топилган.

Шунингдек, ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳнинг тарғибот материаллари ҳам қўлга олинган.

Бироқ қурол-яроғ ёки портловчи модда топилмаган.

Шу йил 13 ноябрида Париж шаҳрида содир этилган ҳужумлардан кейин бутун Белгия хавфсизлик кучлари оёққа турган эди.

Аммо сўнгги ҳибсларнинг Париж ҳужумларига алоқаси йўқ, деб айтишган прокурорлар.

Ҳибсга олинган шахслардан бири "террорчилик тармоғига одамларни ёллаш ва бу тармоққа етакчилик қилишда" гумон қилинаётгани хабар қилинган.

Белгия матбуотининг ҳуқуқ-тартибот органларига таяниб тарқатаётган хабарига кўра, "гумондорлар Белгиянинг бир неча "рамзий нишонлари", шунингдек, полицияга ҳужумлар қилишни режалаштирганлар".

Рейдлар натижасида яна тўрт киши сўроқ қилинган, уларга айблов илгари сурилмасдан қўйиб юборилганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Париж ҳужумларидан кейин Белгияда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, худди Париж ҳужумларига ўхшаш ҳужумлар такрорланиши хавотири билан Брюссел шаҳри тўрт кун мобайнида "буткул ёпилди" дейиш мумкин.

Ўқув даргоҳлари ёпилган, жамоат транспорти тўхтатилган, оммавий кўнгилочар тадбирлар бекор қилинган эди.

Париж ҳужумларининг ташкилотчиси деб кўрилган Абдулҳамид Абауд Белгия фуқароси бўлган ва уруш қилиш учун Сурияга боргани аниқланган.

Белгия полицияси ушбу ҳужумларга алоқадорликда асли Брюсселда туғилган, аммо кейин Франция фуқаролигини қабул қилган Салоҳ Абдусаломни ҳам қидирмоқда.

Терговчиларга кўра, Салоҳ Абдусаломнинг иниси Иброҳим ҳужумлар пайти ўзини ўзи портлатган.

Мухбирларга кўра, Белгия расмийлари ИШИД таъсирини камайтириш мақсадида курашмоқдалар.

Хабар қилинишича, Оврўпо давлатлари орасида жон бошига солиштирганда энг кўп ИШИДга қўшилганлар белгияликлар деб кўрилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ