Доғистонда сайёҳларга ҳужум қилинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Россия расмийлари хабар тарқатишларича, Доғистондаги қадимий Дарбанд шаҳридаги қалъани томоша қилиш учун борган сайёҳларни номаълум шахслар ўққа тутганлари оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 11 киши яраланган.

Ҳодиса 29 декабр тунида рўй берган.

Россия Тергов қўмитасидан хабар қилишларича, 20 кишидан иборат ҳордиқ чиқарувчилар гуруҳи ўз шахсий автомобилларида Норин Қалъани томоша қилиш учун келишган.

Қалъа тепасидаги томоша майдонида туришган пайти сайёҳларга қарата атрофдаги дарахтзордан автомат қуроллардан ўқ отилган.

Сўнг ҳужум қилган шахслар яширинганлар.

Тергов қўмитасига кўра, ўқ отилган жойларда 60 дан ортиқ ўқлар топилган.

Ҳалок бўлган шахс чегара хизмати ҳарбийси экани хабар қилинмоқда.

Жароҳатланган 11 кишидан тўрт нафарининг аҳволи оғир, деб айтишган Доғистон тиббиёт мулозимлари.

Доғистоннинг Дарбанд шаҳри ЮНЕСКОнинг Жаҳон тарихий хазинаси рўйхатига киритилган шаҳар.

2015 йили Дарбанднинг 2000 йиллиги нишонланди.

Дарбанддаги Норин Қалъа Эрондаги Сосонийлар империясининг шимолий мудофаа қалъаси сифатида барпо этилган ва 15 аср давомида ҳукмдорлар томонидан фойдаланиб келинган, дейилади ЮНЕСКО маълумотида.

Шимолий Қофқоз ҳудудидаги Доғистон исломий жангарилар билан тўқнашувлар тез-тез юз бериб турадиган Чеченистонга қўшни минтақа ҳисобланади.

Мухбирларга кўра, Британия Ташқи ишлар вазирлиги Британия фуқароларини Доғистонга сафардан тийилишга чақиради.

Аммо Россиянинг Федерал сайёҳлик агентлиги қадимий Дарбанд шаҳрини томоша қилишга, пойтахт Махачқала атрофидаги минерал сувлардан баҳраманд бўлишга тарғиб этиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ