Тожикистон Кабирийнинг Теҳронга сафаридан норози

Фото муаллифлик ҳуқуқи khamenei.ir

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги мухолиф сиёсатчи Муҳиддин Кабирийнинг Теҳрондаги исломий анжуманга таклиф этилганидан норозилик изҳор этган.

"Эрон Тожикистон ҳукуматининг "Ислом Уйғониш партияси"га жорий қилган тақиқини тан олмайди", дея хабар берган Россияда жойлашган сунъий йўлдош орқали ўз дастурларини намойиш этадиган Central Asia TV телеканали.

"Теҳрон "Тожикистон Ислом Уйғониш партияси"га тақиқни тан олмайди, Душанбе расмийлари эълон қилганидек, бу партияни эекстремистик ташкилот деб билмайди ва партия раҳбари Муҳиддин Кабирий билан ҳамкорликни тўхтатмайди. Теҳронда ташкил қилинган халқаро исломий бирдамлик анжумани ортидан шундай хулосага келиш мумкин", дейди Central Asia TV телеканали.

Хабар қилинишича, Эрон "Исломий дунёнинг жорий инқирози" деб номланган халқаро конференция ташкил этган, бу конференцияда 16 мамлакатдан 50 дан ортиқ олим иштирок этмоқда.

"Тожик расмийларининг илгари сурган айбловларига қарамасдан, ташкилотчилар нафақат Муҳиддин Кабирийни конференцияга таклиф қилганлар, балки уни Тожикистон расмий ҳайъати таркибига киритганлар. Бу билан Душанбе айбловини тан олмасликларини урғулаганлар", дея хабар қилган телеканал.

29 декабр куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Муҳиддин Кабирийнинг Теҳорн конференциясига таклиф этилгани муносабати билан норозилик нотасини эълон қилган, ушбу таклиф Эрон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Бундан олдин эса Тожикистон Дин ишлари қўмитаси Кабирийнинг анжуманда қатнашишидан "чуқур хавотир" изҳор этиб чиққанди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Матбуот давлат томонидан қаттиқ назорат қилинадиган Тожикистондаги Интернет фойдаланувчилари камдан-кам мавзуларда ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришади, Дин ишлари қўмитасининг баёноти муштарийлар томонидан танқидлар билан қаршиланган.

Хусусан, "Акрам" исмли ўқувчи шундай ёзган: "бирорта ҳам мамлакат, жумладан, Эрон ҳам Тожикистон талабини қабул қилмади".

Ўзига "муаллим" деб ном қўйган Интернет фойдаланувчи ёзишича, мамлакатда жуда кам сондаги одам исломий партияни экстремистик деб билади, лекин " Тожикистон халқининг аксари ва халқаро ҳамжамият уни мўътадил сиёсий партия" деб танийди.

"Абдулло" исмли фойдаланувчи шундай ёзади: Кабирийнинг партияси ёпилди, лекин унинг фикрларини тўхтатиб бўлмайди. халқаро ҳамжамият Ислом Уйғониш партияси тақиқини тан олмади ёки уни экстремистик деб эълон қилмади, аксинча бу тақиқни қоралади.

Шу йил сентябрида Душанбе шаҳри ва атрофида юз берган ҳужумларда Тожикистон ҳукумати Мудофаа вазири собиқ муовини Абдуҳалим Назарзодани ҳамда бу ҳужумларга алоқадорликда Ислом Уйғониш партиясини айблади.

Партия аъзолари ҳибсга олинди.

Сентябр охирида эса Тожикистон Ислом Уйғониш партияси "террочи ташкилот деб эълон қилинди ва фаолияти мамлакат ҳудудида тақиқланди.

Партия раиси Муҳиддин Кабирий шу йил баҳоридаги парламент сайловидан кейин Тожикистонни тарк этган, буни Тожик расмийлари томонидан ўз хавфсизлигига таҳдид билан тушунтирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ