Мюнхен ИШИД ҳужуми эҳтимолидан огоҳлантирилди

Мюнхен полицияси иккита йирик темир йўл станциясидаги йўловчилар ва ходимларни эвакуация қилган.

Расмийларнинг билдиришларича, бу жосуслик хизмати Олмонияда ҳужум эҳтимоли муқаррар экани хусусида огоҳлантириши ортидан амалга оширилган.

Бавария Ички ишлар вазирига кўра, маъмурият ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган жангари гуруҳ марказий Пасинг бекатига худкушлик ҳужуми уюштиришлари мумкинлиги юзасидан маълумот олган.

Ҳозирда ҳар икки темир йўл бекати ҳам қайта очилгани ва вазият юмшагани хабар қилинади.

Янги йил арафасида Оврўпо бўйлаб қатор шаҳарлар нишонга олиниши эҳтимоли боис ҳушёр ҳолатга келтирилганди.

Мюнхен кеча тундан олдин огоҳлантирилган ва полиция одамларни гавжум жойлардан узоқроқ туришга ундаганди.

"Ҳеч нарса юз бермаганидан хурсандман ва бундан кейин ҳам шундай бўлишига умид қиламан", деб айтган Ички ишлар вазири Йоахим Херманн.

Шаҳар полицияси раҳбари Хубертус Андрага кўра, шаҳарга 5-7 нафар жангари ҳужум режалаётгани тахмин қилинганди.

Хубертус Андранинг билдиришича, Олмониянинг Жиноятчилик бўйича Федерал полиция хизмати "дўстона муносабатли жосуслик агентлигидан" хабар олганидан сўнг, Мюнхенни огоҳлантирган.

Маҳаллий матбуотда ёзилишича эса, маълумотлар Франция ҳукумати томонидан берилган.

Мюнхен полициясининг айтишича, Бавария жанубидан қўшимча кучлар чақирилган ва ҳозир махсус полиция хизматлари шаҳарда фаолият қилишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ