Ким зўр: Путинми, Обама ва ёки?..

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Агар, янги халқаро сўров натижаларига таянилса, машҳурлик бобида АҚШ Президенти Барак Обама қолган барча иштирокчи давлатлар раҳбарларини ортда қолдириб кетган.

Юқори учликка яна Олмония канцлери Ангела Меркель ва Буюк Британия Бош вазири Девид Камеронлар киришган.

Россия Президенти Владимир Путин эса, дунёнинг энг машҳур лидерлари ўнлигида энг қуйи ўринни эгаллаган.

Янги сўров WIN/Gallup International халқаро тадқиқот маркази томонидан ўтказилган.

Сўров жараёнида дунёнинг 65 давлатидаги 64.000 кишининг фикри ўрганилган.

Улардан, “Сиз бу ўн раҳбардан қай бирини жуда ёқтирасиз, нисбатан ёқтирасиз, умуман ёқтирмайсиз ва у қадар ёқтирмайсиз?”, - дея сўралган.

Бу тўрттовлондан ташқари, иштирокчилар яна Франция, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Саудия Арабистони ва Эрон раҳбарларига ҳам ўз баҳоларини беришган.

Янги сўров қатнашчиларининг ҳар бештадан учтаси АҚШ Президенти Барак Обамага тан беришларини айтишган.

Уларнинг қарийб учдан бир қисмигина Америка раҳбарининг бошқаруви ўзларига ёқмаслигини айтишган, холос.

Агар, сўров натижалари таҳлил қилинса, президент Барак Обамани энг кўп(76%) Жанубий Осиёда “севишаркан”.

Ўз ўрнида, АҚШ президентининг Оврўпо Иттифоқи, Лотин Америкаси, Қора Африка ва Шарқий Осиёда ҳам обрўси баланд экани маълум бўлган.

Бу давлатлар аҳолисининг олтмиш фоиздан ортиқроғи президент Барак Обамани қолган лидерлардан устун қўйишган.

Аммо четда қанча машҳур эканига қарамай, Барак Обама жаноблари Америка Қўшма Штатларининг ўзида “энг ёмон натижа”ни қайд этган.

Устига устак, шу йил ноябр ойига режаланган президентлик сайловлари ортидан, Барак Обама жанобларининг ўз ваколатини топшириши керак бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ap

Бунинг акси - АҚШ Президенти Барак Обама билан бирга глобал сиёсатда номи танилган иккита дунё раҳбаридан биттаси сифатида кўрилувчи Владимир Путинни энг кўп(72%) Россиянинг ўзида севишлари маълум бўлган.

Россия раҳбари, бундан ташқари, собиқ Шўро давлатлари аҳолисининг ярмидан кўпроғининг ҳам “меҳрини қозонган”.

Аммо Оврўпо Иттифоқи ва Шимолий Америкада президент Владимир Путинни ёқловчиларнинг сони энг кам бўлиб чиққан.

Бу давлатлар фуқароларининг 60 фоиздан зиёди Россия раҳбарини ёқтирмасликларини айтишган.

Янги сўров собиқ Шўро давлатларидан фақат Россия, Арманистон, Озарбайжон, Латвия ва Украинани қамраб олган, холос.

Яъни, дунёнинг ўнта глобал лидери ҳақида фикрлари сўралган мамлакатлар орасида бирор бир Марказий Осиё минтақаси вакили йўқ.

Аммо қўшни Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон ва Эрон аҳолиси янги сўровда бу хусусда ўзларининг фикрларини билдиришга имконли бўлишган.

Дейлик, янги сўров натижасига мувофиқ, Россия Президенти Владимир Путин Афғонистонда америкалик ҳамкасбидан кўра машҳурроқ экани маълум бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Олиб бораётган ички сиёсатлари боис, Олмония ва Франция раҳбарларининг ҳам обрўлари ўз мамлакатларида четдагидан кўра анча паст бўлиб чиққан.

Лекин аёл сиёсатчи сифатида Олмония канцлери Ангела Меркель хоним дунёнинг эркак глобал лидерлари орасида жуда яхши натижа кўрсатгани, ҳатто, сўров муаллифларининг ўзлари томонидан алоҳида эътироф этилган.

WIN/Gallup International ўз сўровини 1977 йилдан буён йиллик асосда ўтказиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ