Саудия бирваракайига 47 кишини қатл этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Террорчиликка алоқадорликда айбдор, деб топилиб, қатл этилганлар орасида бошқарувдаги саудлар оиласининг ашаддий танқидчиси, таниқли шиа уламоси Нимр ал-Нимр ҳам бор.

Бу ҳақда Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги расман маълум қилган.

Шайх Нимр 2011 йилда Шарқий вилоятда уюштирилган йирик аксилҳукумат намойишларининг ашаддий тарафдорларидан бири бўлган.

Аҳолисининг катта қисмини шиа мусулмонлари ташкил этган вилоятликлар эса, йилларки, ўзларининг яккалаб қўйилганликларидан шикоят этиб келишган.

Шайх Нимр ал-Нимрнинг қатл этилганига оид хабар шиалар етакчилиги остидаги Эронда кескин қаҳру ғазаб билан қарши олинган.

Расмий Теҳрон уламонинг қатли Саудия Арабистонига “қимматга тушиши”ни баён қилган.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги, “мамлакат ичкарисидаги танқидчиларни қатл этиш ва оғзини юмиш билан расмий Риёд террорчиларни дастаклаётгани”ни даъво қилган.

Эрон давлат телевидениесининг хабар беришича, сўнгги янгилик ортидан, Саудия Арабистонининг Теҳрондаги дипломатик масъули мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

Эрон Яқин Шарқда суннийлар бошқаруви остидаги Саудия Арабистонининг асосий минтақавий рақиби сифатида кўрилади.

Таниқли шиа уламоси дохил 47 кишининг қатл этилиши ортидан, Шарқий вилоятнинг Қатиф минтақасида камида битта намойиш кузатилган.

Намойишчилар худди 2011 йилдагиси каби, “Биз тузумнинг қулашини истаймиз”, “ал-Сауд оиласи йўқолсин”, каби шиорларни айтиб, қичқиришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бу каби чиқишлар ортидан, Қатифда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Қатллар эса, Саудия Арабистони бўйлаб 12 жойда бирваракайига амалга оширилган.

Расмий хабарларга кўра, уларнинг орасида сунний мазҳабига мансуб саудияликлар ҳам бўлишган.

Улар “ал-Қоида” жангари тармоғи томонидан уюштирилган 2013 йилги ҳужумларга алоқадорликда айбдор, деб топилишган.

Қатл этилган 47 маҳкумдан биттаси Канада ва яна бошқаси Миср фуқароси бўлишган.

Саудия Арабистони Бош муфтийси Шайх Абдулазиз ал-Шайх эса, қатлларни оқлаб чиққан.

Унга кўра, бу ортиқ жиноятга қўл урмасликлари учун “маҳкумларга кўрсатилган марҳамат” бўлган.

“Reprieve” халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти эса, юз берган ҳодисага “ақл бовар қилмас иш”, дея баҳо берган.

Халқаро ташкилотга кўра, шиа уламоси Шайх Нимр дохил камида тўрт нафар маҳкум сиёсий намойишларга алоқадор айбловлар туфайли қатл этилганлар.

50 ёшлар атрофида бўлган шайх Шарқий вилоятдаги оммавий намойишлардан йил ўтиб, 2012 йилда ҳибсга олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи TASNIM

Унинг аввал ўққа тутилиб, сўнгра қўлга олиниши уч кишининг ҳаётдан кўз юмиши билан якун топган бир неча кунлик намойишларга ҳам сабаб бўлганди.

Шиа уламосига қарши ўлим ҳукми эса, 2014 йил октябр ойида чиқарилганди.

Унинг тарафдорларига кўра, шиа уламоси фақат тинч намойишлар тарафдори бўлган.

Шайх Нимрнинг намойишлар ортидан қўлга олинган 17 ёшли жияни Али ал-Нимр ҳам ўлим жазосига ҳукм этилган.

Аммо сўнгги қатл этилганлар орасида унинг исм-шарифи бўлмаган.

Таниқли шиа уламосининг қатл этилиши Ироқ, Ливия ва Баҳрейнда ҳам кескин акс-садо берган.

Саудия Арабистони ўзларидаги шиа мусулмонлари ҳуқуқларининг дискриминация этилаётганига оид баёнотларни доимо рад этиб келади.

Расмий Риёднинг иддао қилишича, шиа фуқароларининг орасидаги норозиликлар қўшниси Эроннинг ишидир.

Агар, айрим маълумотларга таянилса, Саудия Арабистони ўтган йил 150 кишини қатл этган.

Халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотларига кўра, ўтган 20 йиллик иш тажрибалари давомида бу каби ҳолатга гувоҳ бўлишмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ