‘Эрдўған Гитлерни мақтамоқчи эмасди’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Айни мазмундаги баёнот билан Туркия президентининг маъмурияти чиққан.

Бунга президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Адольф Гитлернинг унитар Олмониядаги бошқарув услубига оид сўзлари Туркия ичкариси ва ташқарисида катта шов-шувларни туғдиргани сабаб бўлган.

Туркия раҳбари бу ҳақдаги сўзларини Саудия Арабистонидан қайтаркан, журналистлар қаршисида баён қилган.

Президент Эрдўған Туркияга ўхшаш унитар давлатда ҳам президентлик бошқаруви иш бериши мумкин, деб айтган.

Унинг худди ана шу сўзлари Туркияда кескин акс-садоларга сабаб бўлган.

Бунинг ортидан эса, Туркия президенти маъмурияти хос баёнот билан чиқишга мажбур бўлган.

Туркия президенти маъмуриятига кўра, Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг сўзларини нацистларнинг жиноятларини ёқлаш, дея талқин этиш мумкин эмас.

Президент Эрдўған ва унинг тарафдорлари Туркияда АҚШ, Россия ва Франциядаги каби президентлик бошқарувини қарор топтиришни исташади.

“Унитар давлатчилик тизимида президентлик бошқаруви услуби ажойиб бир тарзда ишлаши мумкин. Бунга ҳозирги замонда ҳам, тарихда ҳам мисоллар бир талай. Дейлик, Гитлер бошқарган даврдаги Олмония бунга бир мисол”, - дея баён қилган Туркия раҳбари журналистлардан бирининг саволига жавобан.

Унинг бу сўзлари жума куни аксарият Туркия оммавий-ахборот воситаларидан жой олган.

Янглиш тушунилдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг бу сўзлари энг аввало Туркия мухолифатининг кескин танқидларига учраган.

Устига устак, бу каби ҳолат президент Эрдўған мамлакат бошқарувида авторитарликка мойиллашиб кетаётганига оид айбловлар манзарасида кузатилган.

Туркия раҳбарининг бу қабила жавоби мамлакатнинг ўзи қолиб, четда ҳам акс-садоларга сабаб бўлган.

Жумладан, Су-24 қирувчи учоғининг уриб туширилиши ортидан, расмий Анқара билан алоқаларига жиддий дарз етган Россия томони бу воқеъликни назардан қочирмаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакиласи Мария Захарова хонимлари бу хусусдаги муносабатларини ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасида баён қилган.

Захарова хонимлари, “Мана, энди кўп нарса аён бўлмоқда”, - дея киноявий мазмунда изоҳ қолдирган.

Раддия

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу каби муносабатлар жума куни кечга яқин Туркия президенти маъмуриятини хос баёнот билан чиқишга мажбур қилган.

Туркия президенти маъмуриятининг баён қилишича, Адольф Гитлер бошқаруви остидаги Олмонияни тилга олиш билан президент Эрдўған президентлик бошқарувининг қанчалик иш бериши давлатчилик шаклига боғлиқ эмаслигини таъкидламоқчи бўлган, холос.

Худди шу боис ҳам, президентнинг сўзларини фашистлар Олмониясини мақташ, дея тушунмаслик керак, дея раддия берган унинг маъмурияти.

“Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёмон бошқарувга олиб келади. Бунинг оқибатида эса, фашистлар Олмонияси давридагига ўхшаш ҳалокатлар юз беради”, - дейилади уларнинг бу хусусдаги баёнотида.

11 йил давомида Туркияни Бош вазир сифатида бошқарган Ражаб Тойиб Эрдўған 2014 йилда Туркия президенти этиб сайланган.

Энди эса, Туркияда президентлик бошқарувини қарор топтириб, ўз ваколатларини кенгайтириш ҳаракатида. Яъни, бу хусусда махсус референдум уюштирмоқчи.

Унинг бошқарувдаги партияси яқинда бўлиб ўтган парламент сайловларида йирик ғалабага эришган.

Аммо, шунда ҳам, Туркия парламентидаги ўринларнинг учдан икки қисмини қўлга кирита олмаган.

Худди шу боис ҳам, улар Туркия конституциясига бевосита тузатишлар киритиш ҳаққидан мосуво қолишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ