Оятулло Хоманаи: "Саудийлар илоҳий қасосга учрайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Теҳрондаги Саудий элчихонасига ўт қўйилди

Эрон руҳоний раҳбари Оятулло Али Хоманаи Саудия Арабистони етакчи шиа руҳонийсини қатл қилгани учун "илоҳий қасос"га юз тутишини айтиб огоҳлантирди.

Оятулло Хоманаи Шайх Нимр ал-Нимрни тинч йўлда амал қилган "шаҳид" дея тасвирлади.

Шанба оқшомида намойишчилар Теҳрондаги саудий элчихонасига бостириб кирганлар ва унга ўт қўйганлар.

Шайх Нимр террорчиликда айбланиб қатл қилинган 47 кишидан бири эди.

Аммо, Оятулло Хоманаига кўра, шайх Саудия Арабистонининг сунний раҳбариятига мухолифлиги туфайли ўлдирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

"Бу босим остидаги уламо одамларни қуролли ҳаракатга ундамаган ва ҳеч қандай фитнага аралашмаган", - дея твит ёзди Оятулло.

"Шайх Нимрнинг ягона қилмиши очиқча танқид қилиши эди. Шаҳид Шайх Нимрнинг адолатсиз тўкилган қони оқибатларсиз қолмайди ва Саудий сиёсатчилари илоҳий қасосга учрайдилар", - дея қўшимча қилди Оятулло.

Шайх Нимр 2012 йилда ҳибсга олинишидан аввал араб баҳоридан руҳланган аксилҳукумат намойишларининг етакчиларидан бири эди.

Унинг қатл қилиниши Яқин Шарқда Саудия Арабистонининг асосий рақиби саналган Эроннинг ғазабини қўзғади.

Теҳрондаги намойишчилар Саудий элчихонасига қўлбола бомба ва тошлар отишган. Расмийларга кўра, 40 киши ҳибсга олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter

Шунингдек, камситилишлардан шикоят қилиб келувчи шиа мусулмонлар Саудия Арабистонининг Шарқий вилояти, ҳамда Ироқ, Баҳрайн ва қатор бошқа мамлакатларда норозилик намойишларига чиққанлар.

Ўз навбатида, Саудия Арабистони пойтахт Рияддаги Эрон элчисига ўз ички ишларига "қўпол аралашув"дан шикоят қилди.

Шайхнинг қатл қилиниши Сурия ва Ямандаги урушларда қарама-қарши томонларни қўллаб-қувватлайдиган икки қудратли давлат ўртасидаги шундоқ ҳам совуқ алоқаларни янада совуқлаштирди.

АҚШ ва БМТ томонларни босиқликка чақирдилар.

Қатл қилинган 47 кишининг аксари ўтган 10 йил давомида ал-Қоидага алоқадор ҳужумларда айбдор топилган сунний мусулмонлар эдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio