Ал-Шабабга Трамп баёноти қўл келди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Сомалидаги ал-Шабаб жиҳодчи гуруҳи ўз пропаганда видеосида Доналд Трампнинг мусулмонларни АҚШга киритмаслик чақириғини ишлатиши ортидан, жаноб Трамп ўз сўзларини ҳимоя қилиб чиқди.

Республикачилар партияси номидан президентликка номзод бўлиш йўлида курашаётган Трамп "бошқалар кўтаришга қўрқаётган муаммо"ни ёритгани учун олқишлар остида қолаётганини билдирди.

Ал-Қоиданинг Сомалидаги қаноти ҳисобланмиш ал-Шабаб Трамнинг ўтган ойги тарғибот маросимида қилган баёнотини ўз видео клипига қўшди.

Си-Би-Эс Ньюснинг "Миллатга юзланиб" дастурида чиққан Трампдан унинг мазкур баёноти мусулмонларни жиҳодга қўшилишларига етаклаши мумкинлиги сўралганда, у бошқа сиёсатчилар ҳам унинг фикрига қўшилаётганларини айтди.

"Меникидан ўзгача қарашларга эга бўлган одамлар ҳам, биласизми, балки Трамп ҳақдир, буни ўрганайлик, дейишаяпти", - деди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ал-Шабаб чиқарган видеода асли африкалик Америка фуқаролари Исломни қабул қилиш ва жиҳодга қўшилишга ундалади.

Унда айтилишича, АҚШда ирқчилик, полиция шафқатсизлиги ва мусулмонларга қарши кайфият авж олган.

Ўтган бир неча йил давомида Миннесота штатидан бўлган бир неча асли сомалилик америкаликлар ал-Шабаб сафига қўшилганлар.

Сомалининг Ғарб томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳукуматини ағдариш ва шарианинг қаттиққўл турини ўрнатишни мақсад қилувчи ал-Шабаб Кения ва Эфиопияда қонли ҳужумларни амалга оширган.

Ўтган ой жаноб Трамп АҚШ ҳукумати "нималар бўлаётганини англаб етмагунча АҚШга мусулмонлар киритилиши буткул тўхтатилиши"га чақирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio