Саудия-Эрон можароси: нефт қимматламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Шайх Нимр ал-Нимрнинг қатл этилиши ортидан Теҳрон кескин баёнотлар билан чиққан

Яқин Шарқдаги сиёсий кескинлик манзарасида жаҳон биржаларида нефт нархининг ошиши кузатилмоқда.

Душанба куни Лондон биржасида Brent маркасининг нархи 2,5 фоизга кўтарилиб, 38,2 долларни ташкил этган.

Brent маркаси декабр ойида 2004 йилдан буён энг паст нарх - 36,2 долларга тушиб кетган эди.

Нью Йорк биржасида эса нефтнинг WTI маркаси нархи 2 фоизга ошган.

Таҳлилчилар нархларнинг кўтарилишини Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг узилиши билан боғлашмоқда.

Саудиядаги таниқли шиа уламоси Шайх Нимр ал-Нимрнинг қатл этилиши ортидан Теҳрон кескин баёнотлар билан чиққан.

'Икки кун муҳлат'

Шанба куни Теҳрондаги Саудия элчихонаси ҳужумга тутилиши ортидан Ар-Риёд Эрон билан дипломатик алоқаларни узганини эълон қилган.

Саудия расмийлари эронлик дипломатларга мамлакатни тарк этишлари учун 'икки кун муҳлат' беришган.

Эрон Саудияни минтақада кескинликни авж олдиришда айблаган.

Саудия ва Эрон Яқин Шарқда сунний ва шиаларни намоён қилувчи икки йирик давлат ҳисобланади ва Суриядаги можарода қарама-қарши томонларни дастаклайди.

Қўшма Штатлар томонларни босиқлик ва можарога дипломатик ечим топишга чақирган.

Шайх Нимр ал-Нимр ва террорчилик билан боғлиқ жиноятларда айбланган яна 46 киши шанба куни қатл этилганди.

Эрон руҳоний раҳбари Оятулло Али Ҳоманаий Саудия Арабистони етакчи шиа руҳонийсини қатл қилгани учун "илоҳий қасос"га юз тутишини айтиб огоҳлантирди.

Оятулло Ҳоманаий Шайх Нимр ал-Нимрни тинч йўлда амал қилган "шаҳид" дея тасвирлаган.

Аммо, Оятулло Ҳоманаийга кўра, шайх Саудия Арабистонининг сунний раҳбариятига мухолифлиги туфайли ўлдирилган.

Шайх Нимр 2012 йилда ҳибсга олинишидан аввал араб баҳоридан руҳланган аксилҳукумат намойишларининг етакчиларидан бири эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio