Акси энг кўп бузилган пайғамбар

Image caption Исо Масиҳ ўз давридаги ўртаҳол яҳудий каби миқти ва қорамағиз бўлган.

Исо пайғамбар - Ғарб тасвирий санъатида энг кўп расми чизилган шахс.

Бу аксларда у узун бўйли, оқ танли, мовий кўз, сариқ сочли, хуллас, ғирт шимоли-шарқий оврўполик эркак сифатида тасвирланади.

Аммо Исо Алайҳиссалом ҳақиқатан ҳам оврўпочеҳра бўлганми? Қатор тарихчи ва олимлар ҳозир бунга "йўқ" деб жавоб беришади.

Исо аксининг бузиб-бежалганини тадқиқ қилар экансиз, айни жараёнда Насроний динидаги кўплаб тарихий ҳақиқатлар ҳам ўзгариб кетганига шоҳид бўласиз.

Мажусийлик таъсири

Илк бора Насронийликни қабул қилган ва кейин унинг дунёга ёйилишида муҳим ўрин тутган римликлар Исони ўз ирқдошлари сифатида тасвирлашган.

Ҳатто бугун Ғарбий Оврўпо нишонлайдиган Исо мавлуди (Рождество) ҳам аслида Рим худоларидан бирининг таваллуд кунидир.

Тарихчилар Исо аксининг оврўполаштирилишини IV аср Византия салтанати даврига боғлашади.

У даврда византияликлар пайғамбар чеҳрасининг тарихий хусусиятларига аҳамият беришмаган.

Балки Византия халқлари оғзаки ижоди ва тасаввуридаги илоҳий одам қиёфасини тасвирий санъатга ҳам кўчиришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock
Image caption Оврўполиклар Исо Алайҳиссаломни ўзлари каби оқ танли, сариқсоч, бўйдор ва мовий кўзли қилиб тасвирлашган.

Бироқ қитъадаги мумтоз тасвирий санъат қадим илдизларидан бутунлай узилиб кетолмаган ва мажусийлик давридаги худоларнинг оқ танли суратларидан ҳам илҳомланган.

Ҳатто Исо расмларида унинг боши узра муаллақ турадиган илоҳий ҳалқа ҳам аслида Аполлон худоси аксидан олинган ва кейинчалик тўлиқ Насроний санъатига кўчган.

Унинг курсидаги аксига қарасангиз, сочи, соқоли ва кийими ҳам қадим юнонларнинг тахтда ўтирган Зевс худосига қараб чизилганини илғайсиз.

Аслида, Византия мусаввирлари Исо пайғамбарни Олимпия худоси Зевснинг ёшлигига ўхшатиб тасвирлай бошлашган.

Кейинчалик, Оврўпо давлатлари дунёнинг аксар ҳудудларини босиб олиб, Насронийликни тарғиб қилишаркан, Исо оқ танли одамларнинг пайғамбари сифатида ўртага чиққан.

Шу асно Исо Масиҳнинг оқ танли чеҳраси жаҳон бўйлаб инсонлар тасаввури ва шуурига чуқур сингган.

Калтасоқол яҳудий

Аммо Исо яшаган даврларда одамлар узун соқол ўстиришмаган.

Ҳатто у даврнинг файласуфлари ҳам калта соқол қўйганлар.

Энг асосийси, Исо Алайҳиссалом яҳудий бўлган.

Яҳудийлар эса таъқибга учрамаслик учун ҳукмдор римликлар каби калта соқол қўйишни одат қилганлар.

Ҳатто эрамизнинг илк 70-йиллари римликлар зарб этган тангаларда аксланган яҳудийлар ҳам калта соқолли бўлишган.

Тўғри, Насронийлик йўлини танлаган яҳудийлар бир муддат соч-соқолларини олишмаган ё шароб ичишмаган.

Аммо махсус маросимда соч-соқолларини олиб ташлашган.

Яъни Насронийлар мунтазам узун соч-соқол ўстириб юрмаганлар.

Тавқи лаънат

Римлик тарихчилар ўзларини Муқаддас Заминдан чиқариб юборишни истаган яҳудийларни ўта салбий қиёфада тасвирлашган.

Хусусан, уларнинг узун ва рангги униққан ридоларини аёлларнинг кўйлагига қиёслаб, "бу одамлар қотил ҳамжинсбозлардир", деб айблашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alamy
Image caption Бошқа яҳудий пайғамбар - Мусо Алайҳиссалом аксига қараб ҳам Исо Масиҳ ҳақида муайян тасаввурларга бориш мумкин.

Исо Масиҳ ҳам оқ ридо киймаган. Лекин аксар суратларда Исо пайғамбар оқ кийимда тасвирланади.

Чунки унинг тарафдорлари пайғамбарнинг Рим тарихчилари қоралаб ёзган "аёл кийимини киядиган ҳамжинсбоз қотиллар" сирасига кириб қолишини исташмаган.

Аммо ундан олдинги яҳудий пайғамбар - Мусо Алайҳиссалом тасвирланган қадимий суратларга қараб, Исо Масиҳнинг ҳам кўриниши ва кийиниши ҳақида муайян тасаввурларга бориш мумкин.

Яқин Шарқдаги энг қадимий синагогалардан бирида Қизил денгиз иккига ажралиб, бани Исроил учун йўл очиши тасвирланган деворий сурат бор.

Унда яҳудий Мусо пайғамбар калта соч-соқолли, қорамағиз ва ҳатто тирсагини сал ёпадиган калта енгли кийим кийган ҳолда тасвирланган.

Мовий кўзли Масиҳ?

Исо Масиҳ давридаги яҳудий қавми ҳали оврўполиклар билан аралашмаганди. Шу боис уларнинг рангги, тани ва чеҳраси ҳам Яқин Шарқ одамларига хос эди.

Узоқ йиллик илмий изланишлар натижасида Исо давридаги ўртача яҳудийнинг юз қиёфаси тикланган.

Исо Масиҳ рафтори ҳам ўз давридаги ўртача миллатдошларига қараб белгиланмоқда.

Яъни Насронийлар пайғамбари ҳам ўрта бўй, қорамағиз, жингалакка мойил қорасоч ва қўйкўз бўлган.

Тадқиқот бошида турган антрополог олим Ричард Нив бу ўринда нафақат ҳаворийларнинг битиклари ва тарихий асарларга, балки ўша даврдан қолган бош чаноқларига ҳам таянган.

"Бу айнан Исо пайғамбарнинг сурати эмас, аммо ўша даврдаги ўртача бир яҳудий эркакка хос чеҳра" - деган олим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa
Image caption Насроний африкаликлар Исо Масиҳ қора танли бўлган, деб ишонишади.

"Исонинг асил кўринишини аниқ чизган тарихий тасвирлар бўлмагани боис, қайта тикланган мазкур қиёфани пайғамбарга энг яқини, дейиш мумкин".

Оврўпо рассомларининг дунё бўйлаб ёйилган асарларига қарамасдан, Исо Алайҳиссалом мовий кўзли бўлмагани аниқ.

Қора танли пайғамбар

Аммо Насронийлик Оврўпонинг асосий динига айланаркан, бу қитъа халқларига хос кўриниш Исо Масиҳ тасвирларига ҳам кўчган.

Қолаверса, қайси халқ ўз пайғамбарини ажнабий қиёфада тасвирларди?

Африка ва Американи ишғол қилган оврўполиклар ўз динлари бўлмиш Насронийликни ҳам турли йўллар билан тарқатишган.

Аммо бугунги Африкада "Исо Масиҳ қора танли бўлган", деган тушунчалар кучаймоқда.

Улар илк насронийлик ёйилган минтақа, хусусан, Эфиопия, яъни Ҳабашистонни мисол қилиб келтиришади.

Жанубий Америкада эса Биби Марям тасвирлари маҳаллий ҳиндуларнинг аёл худоларига ўхшатиб тасвирланади.

Улар тасвиридаги Биби Марям - тиқмачоқдан келган буғдой ранг аёл.

Эрончеҳра Али

Ислом динида ва санъатида одам чеҳраси тасвирланмайди.

Айниқса, пайғамбарлар ва уларнинг оила аъзолари аксларини чизиш ҳамон қатъий тақиқланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com
Image caption Шиалар Али ва Ҳусайнни эрончеҳра қилиб тасвирлашади.

Лекин шиа мусулмонлари Муҳаммад пайғамбар (С.А.В) куёви Али ва унинг ўғли Ҳусайн аксларини чизишади.

Эрон энг катта шиа давлати бўлгани учун, бу ерда чоп этиладиган суратларда Али ва Ҳусайн эрончеҳра - оқ юзли, қора соқолли қилиб тасвирланади.

Ушбу суратлар бугун шиалар яшовчи бошқа давлатларга ҳам етиб бормоқда.

Ҳар муҳаррам ойи Имом Ҳусайн қатл этилган Ошуро кунида мотам тутадиган шиалар Ҳусайн ҳамда Али суратлари чизилган байроқ ва тақвимларни кўчаларга иладилар.

Ҳазрат Алининг Шиа Эронда чизилган айни расмлари эса Исломдан аввалги қадим форс афсоналарида тасвирланган Искандар Зулқарнайн ё Шоҳ Доро аксларини эслатади.

Яъни Туркия, араб давлатлари, Жанубий ва Марказий Осиё ҳамда Кавказда ҳам шиалар яшашса-да, бироқ шиа пешволари акслари энг йирик шиа давлати бўлмиш Эрондаги тасаввурларга мос кўринишда тасвирланмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ