‘Улуғ доҳий’нинг зарҳал ҳайкали қулади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бундай кун шахсига қанчалик сиғинилгани билан ном чиқарган Хитой собиқ раҳбари марҳум Мао Цзэдун шарафига яқиндагина ўрнатилган қарийб 40 метрлик улкан ҳайкалнинг бошига тушди.

Бу ҳақда яна Хитой давлат оммавий-ахборот воситаларининг ўзлари хабар беришган.

Марҳум доҳийнинг улкан ва зарҳал ҳайкали бор-йўғи бир неча кун бурун Хитой чеккасидаги қишлоқларнинг бирида қад ростлаганди.

Кутилмаган сўнгги янгиликдан ҳам “People's Daily” нашрини қишлоқ масъулларидан бири бохабар этган.

Хабарларда бу ҳайкалнинг қарийб ярим миллион АҚШ долларига тушгани айтилган, унинг ўрнатилганига оид хабар бутун дунё бўйлаб кенг акс-садо берганди.

Бугунга келиб, маҳаллий мулозимлар сўзларидан аён бўлишича, улуғ доҳий шарафига барпо этилган ҳайкал ҳеч кимнинг рухсатисиз ўрнатилган ва худди шу боис ҳам, уни олиб ташлашга қарор қилинган.

Бошқа бир масъул ҳам “People's Daily” нашрига бу улкан ҳайкални аллақачон бузишга киришилганига оид хабарларни тасдиқлаган. Аммо сабабини билмаслигини айтган.

“Улуғ доҳий” ҳайкалининг “бошига тушган кун” турли ижтимоий мулоқот тармоқларига чиқиб кетган фотосуратларда ҳам акс этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Аммо бу фотосуратларнинг ҳақиқийми-йўқлигини мустақил манбалардан текширишнинг имкони бўлмаган.

Бу фотосуратларда Мао ҳайкали оёқсиз аҳволда ва бошига қора мато ўраб қўйилган аҳволда намоён бўлган.

Ўрнатилишидан тортиб, олиб ташланишига қадар катта гап-сўзга сабаб бўлган ҳайкалга кетган пулни эса, қишлоқликларнинг ўзлари ва маҳаллий бизнесменлар молиялашган.

Улар бундан мақсад – улуғ доҳийларини шарафлаш бўлганини айтишган.

Аммо ташаббускорларнинг қилган ишлари турли интернет нашрларида танқидларга ҳам сабаб бўлган.

Бу танқидларда айтилишича, шунча пул беҳудага сарфланган ва ҳайкалнинг ўзи ҳам номуносиб бир жойда ўрнатилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Янги ҳайкал қад ростлаган Хэнань вилояти эса, айнан Мао Цзэдуннинг сиёсати туфайли ўтган асрнинг 50-йилларида даҳшатли очликни бошидан кечирган.

Очлик миллионлаб одамларнинг ёстиқларини қуритган.

Лекин, бунга қарамай, Хитойдаги аксарият, шу жумладан, президент Ши Жинпингнинг ҳам Мао Цзэдунга ҳурмати катта.

Ши Жинпинг, ҳатто, президентлик бошқаруви остида қудратни марказлаштиришга уринаркан, Мао Цзэдуннинг сиёсий тажрибасига таянган, аммо унинг “хатолари” борлигини ҳам қистириб ўтишни унутмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ