Олмонияда Гитлернинг Mein Kampf асари сотувга чиқди

Image caption Гитлернинг Mein Kampf китоби

Бу китоб янги эмас, аммо айнан шу китоб баҳсу мунозаралар марказида...

Айни китоб ҳақида “яхши ёзилган” ҳам дейиш қийин.

Аммо... муаллиф Адолф Гитлер ва Mein Kampf Олмонияда 70 йилдан бери энди нашр қилинмоқда.

Гитлернинг яҳудийларга қарши қарашлари кейинроқ уларни қатлиом қилинишига асос бўлган дейиш мумкин.

Худди ана шу нуқтаи назардан ҳам тарихчилар бу асарни нашр қилиш керак дейишди.

Гитлер китобнинг аксар қисмини 1920 йилларда қамоқхонада ёзган.

Нацистлар орадан ўн йил ҳам ўтмай қудратга келишди.

Тарихчиларга кўра, уларнинг ёвуз ғоясини англаш учун ана шу қамоқхона даврига назар ташлаш керак.

Олмонияда нашр қилинган бу китоб танқидий нусхадир, яъни, китобга минглаб академик изоҳлар киритилган.

Олмонияда нацистлар пайти чиқарилган нусхада эса бу каби изоҳлар бўлмаган.

Ҳозирга қадар, Гитлернинг бу асари Бавария ҳукуматининг муаллифликни ҳимоя қилиш ҳуқуқи билан бир маънода қўриқланар эди.

Аммо 70 йил ўтди, муаллифлик ҳуқуқи муддати тугади.

Тақиқдан наф йўқми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other
Image caption Mein Kampf

Олмония асар чоп этилишига тақиқ қўйиши мумкин эди.

Мамлакатда свастика ва нацистларнинг бошқа рамзлари тақиқлаб қўйилган.

Олмонлар бу каби тақиқларни сўз эркинлигини чеклаш эмас, балки фашист гуруҳларга ана шундай эркинликдан фойдаланиб, бошқаларни таҳқирламаслик кафолати деб тушунишади.

Mein Kampf тақиқлаб қўйиш шунингдек, унинг “қудратини” ошириши мумкин.

Нео-нацистлар эса замонавий Олмония ўзгача қарашларга тоқат қилолмайди деб жар солишлари ҳам тайин.

Асарни ўқиш билан унинг “сирлилиги” йўқолади.

Пойинтар сойинтар қилиб битилган бу асар аслида анчайин абгор ваъзхонликдан ортиқ қимматга эга эмас.

Олмония мулозимлари шунда ҳам китобни ўз ҳолича эмас, балки танқидий изоҳлар билан тўлдирилган ҳолда нашр қилишга рухсат беришди.

Аксарият олмонлар Гитлернинг башараси китоб дўконлари расталарида пайдо бўлиши ва яҳудийларга қарши бу асар савдосидан фойда олинишидан норози қолишмоқда.

Худди шу сабабдан айрим китоб дўконлари Гитлернинг асарини сотишдан бош тортишди.

Берлиндаги энг йирик китоб дўкони Dussmann ходимларига кўра, уларда фақатгина бир нусха бор.

Айни нусха ҳам Тарих бўлимида эканини айтишди.

Аммо айни китоб ҳеч қанақасига реклама қилинаётгани йўқ.

Кимдир китобни буюртма берса, шундагина уни олиб келишади.

Бошқа томондан, мабодо бирор бир китоб дўкони Гитлер асарининг савдосидан қисқа муддат ичида фойда кўрадиган бўлса...бу ҳам бир ғавғо.

Ғавғоси шуки, оммавий-ахборот воситалари бу китоб дўконини Гитлернинг асарини сотиб бойиди қабилида танқид остига олишади...

Натижада эса бунақа китоб дўконига борадиган олмонлар сони озаяди.

Қарашлар ўзгармоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Hulton Archive
Image caption Дунё нафрати соҳиби

Аммо ўтган йиллар давомида Гитлерга муносабат ҳам ўзгарди.

Ёдимда, бундан ўн йил аввал Олмониянинг энг машҳур актёрларидан бири Бруно Ганс “Қулаш” филмида Гитлернинг ролини ижро этганди.

Ўз бункерида сўнгги соатларини яшаётган Гитлернинг бу актёр сиймосида гавдаланиши олмонияликлар орасида золимга нисбатан меҳр уйғотиши мумкин деган даъволар янграганди.

“Сўнгги куз” номли комедия ҳам Гитлер ҳақида эди.

Бу филм ҳақида ҳам шундай хавотирлар ўртага ташланди.

Mein Kampf нашр этилиши эса асосан матбуотнинг ўз-ўзи билан баҳсига ўхшаб қолди.

Эҳтимол, Гитлер ҳақида ўтган ўн йил давомида комедиялар пайдо бўлиши билан золимнинг “жиддийлиги” йўқолгандир...

Аксарият ёш олмонларнинг боболари ҳам Гитлер ўлганидан кейин дунёга келган авлод вакилларидир... айнан шу нуқтаи назардан, аввалги авлодлар каби ўз боболаридан уялиш ҳисси ҳам тарихга сингиб бормоқда.

Mein Kampf ( Менинг курашим):

*Mein Kampf илк бор 1925 йилда нашр этилган, орадан саккиз йил ўтиб Гитлер қудратга келади

*Китобда Гитлернинг Олмония учун сиёсий қарашлари акс этади. Олмония қўшни ҳудудларни мустамлака қилиши ҳақида сўз боради.

*Нацистлар Олмонияси 1945 йилда мағлуб бўлар экан, айни китоб муаллифлик ҳуқуқи Бавария штатига берилади.

*Маҳаллий мулозимлар Mein Kampf қайта нашр этилса, яна ўзаро нафрат сиёсатини қўзғайди деб унга тақиқ қўйишади.

*Олмония қонунларига кўра, муаллифлик ҳуқуқи муддати 70 йилда тугайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Аммо нацистлар ваҳшийликлари учун Олмон жамиятида гуноҳкорлик туйғуси ҳамон сақланиб қолган.

1945 йилдан кейин Олмониянинг конституцияси Гитлернинг шафқатсиз сиёсатига қарши ғояларга қурилганди.

Қонституциянинг16а моддасига кўра, сиёсий қарашлари учун зулм кўрган ҳар қандай шахс Олмониядан бошпана сўраш ҳуқуқига эгадир.

Қочқинларга Олмония эшиклари ёпилиши, Ангела Меркелнинг айтишича, мамлакат конституциясини ўзгартиришга тенг бир амалдир.

Аммо нацистлар сояси ҳамон тўла аригани йўқ.

Бу Кёлнда юздан ортиқ хотин-қизларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳужум ҳаракатларидан кейин кўзга ташланди.

Ҳужумчилар шимолий африкалик ва араблар экани айтилди.

Нацистлар учун бу айни муддао эди.

Нацистларнинг эски иддаоси уйғонди: покиза Олмон аёлига “хорижлик”ҳужум қилди”...

1930 йилларда нацистлар учун бу “хорижликлар” яҳудийлар эди, бугун улар мусулмонлардир...

Гитлернинг китоби Олмонияга қайтгани рост, аммо аксарият унинг ғоялари қайтмаслиги керак деган фикрда собит.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio