Вазирга 'ВИЧ юқтирилган' игна билан ҳужум

Фото муаллифлик ҳуқуқи MoPH

Аммо, Афғонистон Омма Соғлиқ вазирлигининг расман билдиришича, вазир Фирузуддин Фируз ҳужум натижасида ВИЧ вирусини юқтирмаган.

Ҳодиса ўтган якшанба куни кечқурун Афғонистон Омма Соғлиқ вазирининг пойтахт Кобулдаги Пўли-Сўхта кўпригига ташрифи чоғида юз берган.

Вазир жаноблари кўприк остидан бошпана топган юзлаб бангиларни махсус касалхоналарга юбориш ишларини шахсан ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлган.

Бунга эса, афғон ҳукуматининг Афғонистон бўйлаб бангивор моддаларга рўжў қўйган шахсларни топиб, даволаб, уларга касб-ҳунар ўргатишга қаратилган янги кампанияси сабаб бўлган.

Хабарларга кўра, худди шу пайтда бангилардан бири “ВИЧ вируси юқтирилган” игна билан вазирга ҳужум қилган.

Афғонистон Омма Соғлиқ вазирлигининг бугун шанба куни расман баён қилишича эса, бу ҳужум натижасида вазир жаноблари ОИТС хасталиги вирусини юқтирмаган.

Уларга кўра, бу каби хулосага қатор тиббий текширув натижалари ортидан келинган ва вазир жаноблари ҳам ўзини яхши ҳис этмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MoPH

Вазирлик, ўз ўрнида, бу ишнинг қасддан қилингани ва ҳужумнинг олдиндан режалаштирилгани эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

Худди шу манзарада Афғонистон Омма Соғлиқ вазирининг қўшимча текширувлардан ўтиш учун четга сафар қилишига оид гап-сўзларни ҳам кескин рад этган.

“Вазирликнинг бу режасини чиппакка чиқармоқчи бўлган шахслар, сўзсиз, энг аввало ноқонуний тарзда гиёҳванд моддалар сотиш билан шуғулланувчи кимсалар бўлишади. Улар ҳар куни миллионлаб афғонийга тенг миқдорда бангивор моддалар сотишади. Бу қочоқчилар бангиларнинг даволанишини хоҳлашмайди”, - деб айтган вазирлик матбуот бўлими масъули Исмоил Ковусий Би-би-си билан суҳбатида.

Афғонистонда жорий пайтда наркотик модда истеъмол қилувчиларнинг сони 3.5 миллион атрофида экани тахмин этилади.

Уларни бангиликдан даволаш ва касб-корли қилиш учун афғон ҳукумати яқинда пойтахт Кобул шарқидаги хорижий иттифоқ қўшинларидан қолган базалардан бирини махсус марказга айлантирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MoPH

Афғонистон Омма Соғлиқ вазирлигининг билдиришича, вазир Фируз жаноблари тез орада яна Пўли-Сўхта кўпригига ташриф буюриб, у ердаги қолган бангиларни ҳам даволаш ва соғлом ҳаётга қайтариш ишларини давом эттиради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ