Сурия:очликдан ўлаётганларга ёрдам

Image caption Мадаядаги аҳвол очликдан ўлаётган одамларнинг суратлари боис халқаро ҳамжамият эътиборини тортган

Суриянинг одамлар очликдан ўлаётган Мадая шаҳрига ёрдам карвонлари якшанба куни тонгда йўл олиши мумкин.

Халқаро Қизил хоч ва Бирлашган Миллатларнинг Озиқ-овқат дастури егулик ва дори-дармонлар ортилган карвонларни ҳозирламоқда.

Бу заҳиралар Ливан билан чегарадаги исёнчилар назорат қилаётган шаҳарда қолиб кетган 40 минг одамга бир ойга етиши кутилади.

Сўнгги кунларда минтақадан олинган хабарларда одамларнинг очликдан ўлаётганлари, ҳаётда қолиш учун ўт ва уй ҳайвонларини еяётганлари айтилади.

Сурия ҳукумат кучлари назорати остидаги шимолий Кефрая ва Фоаҳ қишлоқларига ҳам душанба куни ёрдам юборилиши кутилмоқда.

Суриядаги фуқаролар урушида бутун бошли ҳудудларнинг қамал қилиниши янгилик эмас, аммо Мадаядаги аҳвол қисман очликдан ўлаётган одамларнинг суратлари боис ҳам халқаро ҳамжамият эътиборини тортган.

Сурияда 4 ярим миллион одам етиб бориш қийин бўлган ҳудудлардан истиқомат қилади.

Улардан қарийб 400 минг одам қамал қилинган ва ёрдам етиб бормайдиган 15 та ҳудудда қолмоқда.

Мадая ўтган йилнинг июлидан буён ҳукумат кучлари ва уларнинг Ливандаги иттифоқчилари бўлмиш шиа Ҳизбуллоҳ ҳаракати томонидан қамал остида ушлаб турилибди.

Ёрдам карвонлари жабҳа чизиқларидан ўтади, бу эса кўмакнинг кечикиши мумкинлигини ҳам англатади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio