Париж ҳужумчиси камераларга тушган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Париждаги 13 ноябрь ҳужумларига алоқадорликда кўрилиб қидирилаётган Салаҳ Абдесламнинг назорат камералари орқали ёзиб олинган суратлари ошкор қилинди.

Ҳужумнинг эртасига, яъни 14 ноябрь тонгида Абдеслам Франциядаги ёқилғи қуйиш шохобчаларидан биридаги камераларга тушиб қолган. Видеода у қўлларини чўнтакларига тиққан ҳолда, афтидан, анча хотиржам кўринади.

Полициядаги маълумотга кўра, 14 ноябрь тонгида Абдеслам Париждан ўз дўстлари Муҳаммад Амри ва Ҳамза Атуга телефон қилган ва уни Бельгияга олиб чиқиб кетишларини сўраган.

Париждан Брюсселга йўл олганларида учовлон Бельгия чегарасига 15 дақиқалик масофадаги ёқилғи қуйиш шохобчасида тўхтаганлар ва камералар назоратига тушганлар.

Бунгача уларнинг машинаси аллақачон учта полиция тўсиқларидан ўтишга муваффақ бўлган, чунки ҳали Париж фожеаси ва Абдеслам ўртасидаги алоқа аниқланмаганди.

Кейинроқ француз хавфсизлик ходимлари Абдеслам 13 ноябрь ҳужумчиларининг амалларини мувофиқлаштиргани, унинг акаси Браҳим эса ўзини Вольтер кўчасида портлатиб юборганлардан бири бўлганини аниқлашган.

Париждаги террористик ҳужумларда 130 одам ҳалок бўлган.

Полиция маълум қилишича, Амри ва Ату Абдесламни Брюсселнинг чеккасидаги мавзелардан бирига ташлаб кетишган. Уларнинг ўзлари бир кун ўтиб ҳибсга олинганлар ва ҳозирда террорчиликда айбланиб маҳкамани кутишмоқда. Абдесламнинг ўзини топиш ҳаракатлари ҳозирча унумсиз бўлган.

Париж ҳужумлари тергови Бельгияга келиб тақалган. Хавфсизлик ходимларига кўра, фитнанинг бир қисми айнан Бельгияда режаланган. Бельгия полицияси бу иш бўйича аллақачон 10 кишини ҳибсга олган.

Бельгиялик жиҳодчилар гуруҳининг лидери ҳисобланмиш 27 ёшли Абделҳамид Абауд ҳужумлардан бир неча кун ўтиб Париждаги хонадонга ўтказилган рейд чоғида ўз амакиваччаси билан бирга ўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio