Истанбулдаги ҳужумда "бир неча киши ўлган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Истанбулнинг сайёҳларга гавжум бўладиган тарихий Султонаҳмат туманида юз берган портлаш камида 10 кишини нобуд қилган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳужумни суриялик ҳудкуш ҳужумчи амалга оширганини айтди.

Султонаҳмат масжиди ёнида портлаган бомбада жароҳат олганлар орасида хорижий сайёҳлар ҳам борлиги айтилади.

Истанбул ҳокимияти вебсайтидаги маълумотга кўра, 15 киши яраланган.

Баъзи хабарлар портлашга ҳудкуш ҳужумчи сабаб бўлганига ишора қилмоқда.

"Бу ҳудкуш ҳужум эди. Мен у ерга бориб буни ўзим кўриб, кейин меҳмонхонага қайтиб келдим. Ҳаммаёқ остин-устун бўлган, одамлар атрофга қочаётганди", - деб айтди воқеа гувоҳи Мурат Маназ Би-би-сига.

"Полициячилар буни кутишмаганди. Улар жуда хавотирга тушгандилар, лекин айни дамда иккинчи бомба портлаши хавфи борлигини айтиб, у жойдан одамларни олиб чиқишаётганди", - дея қўшимча қилди у.

Полиция ҳодиса майдонини ўраб олган, расмий идоралар айнан қандай портловчи модда ишлатилганини тергов қилишмоқда.

Норвегия ташқи ишлар вазирлиги ўзининг бир фуқароси Истанбулдаги касалхонага олиб кетилганини билдирди.

Германия матбуотидаги хабарларда портлашда немис сайёҳлар қурбон бўлганини Германия ташқи ишлар вазирлиги тергов қилаётгани айтилади.

Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, германиялик сайёҳларга катта оломонлардан ўзларини йироқда тутишларини маслаҳат берган ва Туркия бўйлаб яна қонли тўқнашувлар, ҳамда " террор ҳужумлари" кутилаётганини айтган.

Би-би-сининг Истанбулдаги мухбири Марк Лоуэннинг хабар қилишича, ўтган бир неча ой ичида Истанбулда ўта-чап қанот гуруҳ томонидан онда-сонда ҳужумлар амалга оширилган, ва айни дамда Туркия жануби-шарқида ҳукумат қўшинлари ва ПКК курд жангарилари орасида зўравонлик кучайган.

Туркияда амалга оширилган баъзи ҳужумларда Исломий Давлат гуруҳи айбланган, аммо ИД ҳеч қачон масъулиятни ўз бўйнига олмаган.

Октябрь ойида пойтахт Анқарада юз берган икки суиқасд ҳужумида камида 100 киши ҳалок бўлган, июль ойида Сурия билан чегарага яқин ҳудудда қилинган ҳужум эса 30 одамни ўлдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio