Озарбайжонда норози аҳоли ғалаён қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи meydantv

Озарбайжонда икки кун давом этган ғалаёнлар ортидан полиция Сиазан шаҳридаги намойишларнинг 55 қатнашчисини ҳибсга олган. Мамлакат мухолифати эса ҳибсга олинганлар сони 150 атрофида эканини айтмоқда.

Пойтахт Бокудан 100 километр узоқликда жойлашган шимолий Сиазан шаҳрида 12-13 май кунлари маҳаллий яшовчилар кўчаларни тўсиб олиб норозилик намойишни ўтказганлар.

Ғазабланган оломон озиқ-овқат нархларининг ошиб бориши, ҳамда жаҳон бозорларида нефть нархларининг тушиб кетиши туфайли ёмонлашган иқтисодий шароитлардан норозилигини изҳор қилган.

Озарбайжон иқтисоди нефть сохасига таянган бўлиб, ўтган йили мамлакат бюджетига тушумларнинг 66 фоизи айнан шу соҳадан келган.

12 январда мамлакат жанубидаги Лиман шаҳрида ҳам 100дан ошиқ одамлар кўчаларга чиқиб, Астара-Боқу магистрал йўлини тўсиб қўйганлар.

Намойишга боғлиқликда "Мусават" мухолиф партияси ва Миллий фронтнинг маҳаллий фаоллари ҳибсга олинганлар.

Сиазан шаҳрида полиция кўзни ёшлантирувчи газ ва елим ўқларни ишга солиши оқибатида камида бир киши касалхонага ётқизилган, яна бир неча киши жароҳатланган.

Иқтисодий аҳволнинг ёмонлашиб бориши манзарасида озарий ҳукумати ўтган йили Оврўпо ўйинларига мезбонлик қилди. Бу йил июнида эса у Формула 1 пойгасини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.

Оврўпо Ўйинлари ортидан Боку ва бошқа шаҳарлардаги қурилиш соҳасида ишлар қисқартирилиши ҳам одамларнинг яшаш шароитларига таъсир қилган.

Ундан ташқари, кичик бизнес эгалари расмийларнинг порахўрлигидан шикоят қилишмоқда.

Халқаро валюта жамғармасига биноан, Озарбайжонда бизнес қилишга энг катта тўсиқ коррупциядир.

Би-би-сига маълум бўлишича, 2016 йил ўтказилиши режаланган халқаро спорт маросимларига ҳукумат камида 207 миллион доллар ажратган.

Озарбайжон пул бирлиги бўлмиш манат қадрсизланиши давом этмоқда, бу эса кам даромадли оилаларни қийин аҳволга солиб қўйган.

Мамлакатдаги энг оддий истеъмол моллари хориждан келтирилади.

Якшанба куни чиқиш қилган Президент Илҳом Алиев Озарбайжон нефтга қарамлигини камайтириши кераклигини урғулади.

Би-би-сининг озарий хизмати муҳаррири Кўнул Ҳалилованинг айтишича, матбуот қаттиқ назорат остида бўлган Озарбайжонда ҳар қандай танқидий овоз ўчирилади.

"Нефть нархлари юқори бўлган даврда норозилик кам эди, аммо энди беқарор пул бирлигининг таъсирини деярли ҳар бир озарбайжонлик сезаяпти. Норози аҳоли сони ошиб бораверса, уларнинг талабларини қондириш қийин бўлиши мумкин", - дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio