“Рамзан Қодиров Россияга иснод”ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Мухолифатни халқ душмани деб биладиган сиёсатчи

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россиянинг норасмий мухолифатини “халқ душманлари”деб атаган.

Қодировга кўра, мухолифат мамлакатдаги сиёсий тузумга издан чиқармоқчи ва уларни “қўпорувчилик фаолияти” учун маҳкамага тортиш керак.

" Авваллари ҳеч ким танимаган, билмаган одамлар бугун жон жаҳдлари билан Россия президенти Владимир Путинга қарши чиқишмоқда, мақсадлари шу йўлда танилиб олиш...Булар ҳозирги мушкул иқтисодий вазиятдан фойдаланиш ниятидадир. Уларга нисбатан халқ душманларига, хоинларга бўлгандай муносабат қилиниши керак. Улар учун ҳеч нарса муқаддас эмас”, деб айтган Қодиров журналистлар билан учрашув чоғида.

Мухолифат, Қодировнинг назарида, Россия тақдиридан ташвишда эмас.

"Мухолифат Ғарб давлатлари махсус хизматлари томонидан тўқиб чиқарилган ўйинни ўйнашмоқда, уларнинг ноғорасига рақс тушмоқдалар ва виждонсизларча ўзларини ватан келажаги учун куюнчаклар қилиб кўрсатишаётир”, деб қўшимча қилган Чеченистон раҳбари.

Рамзан Қодиров Россиядаги аксар ҳодисалар учун жавобгарликни дарров Ғарб махсус кучларининг бўйнига осиб қўйиши янгилик эмас.

Мухолифат лидерларидан Борис Немцов ўлдирилишидан кейин Қодиров ўз Instagram саҳифасида бу ҳодиса ортида “ ҳар қандай йўл билан Россияда ички низо келтириб чиқариш ҳаракатида бўлган Ғарб махсус кучларини” айблаган эди.

Россия мухолифати эса Немцовнинг қотилларини айнан Чеченистон яшираётганига ишонишади.

“Россия учун иснод”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Россия қаҳрамони

Красноярск шаҳар кенгаши депутати Константин Сенченко эса ўзининг Facebook саҳифасида Чеченистон раҳбарининг мухолифат ҳақидаги чиқишига жавобан Қодировни “Россия учун иснод” деб атади.

"Рамзан, сен Россия учун иснодсан! Сен ҳамма нарсага ишончни йўқотдинг. Россия Қаҳрамони унвонига ҳам доғ туширдинг. Мен Красноярскда бир пайтлар Чеченистонга урушга кетган йигитларимиз учун қандай қилиб ёрдам тўплаганимизни эслайман. Сен эса ўшанда тоғу тошда юриб бизнинг йигитларимизни ўлдиргансан. Улар бугун ер остида, сен эса Россия қаҳрамонисан», деб ёзган эди Сенченко.

Орадан кўп ўтмай Чеченистон телеканалида Сенченко билан суҳбатнинг аудио ёзуви берилган.

Унда Красноярск шаҳар кенгаши депутати Чеченистон раҳбаридан узр сўраган.

"Мен Чеченистон республикаси раҳбари шаънига қилган ҳақоратларим учун узр сўрайман. Сен нимадир қилмоқчи бўлсанг, ҳаракат қилсанг ва сени душман деб аташса, баъзан шунақа ҳолат пайдо бўлади”, деб айтган Сенченко.

Би-би-си билан суҳбатда эса Константин Сенченко айни масалада интервю бермаганини айтган.

“Мен ўзим ҳурмат қилган бир шахс билан суҳбатлашдим, холос”.

"У менга ўз чиқишим билан Рамзан Қодиров ва Чеченистондаги бошқа инсонларни хафа қилганимни айтди. Ана шу суҳбат давомида биз ўзаро қарашларимиз қанчалар фарқли бўлмасин, ҳаммаси имкон қадар тўғриликка қурилиши керак, деб келишиб олдик. Албатта, сиёсатчилардан мухолифатга нисбатан адолатли муносабат талаб қилиб, айни пайтда ўзимиз хато қилишимиз, бетгачопар бўлишимиз мумкин эмас. Шунинг учун кечирим сўрадим. Менинг Facebookдаги чиқишим сиёсатчига ярашмайдиган даражада ўта қўпол эди ва буни мен ошкора тан олдим”, деб айтган депутат Сенченко.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio