‘Ўзбекистон фуқаролари диққатига’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Украина шарқидаги қуролли низоларда иштирок этган Ўзбекистон фуқаролари жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Бундай огоҳлик билан Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси чиққан.

Элчилик ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш нияти билан Украинага келиш ҳаракатида бўлган Ўзбекистон фуқароларини бунинг оқибатлари билан огоҳлантирган.

Элчилик бу хусусда эълон қилган пресс-релизда баён қилинишича, ҳатто, ёлланганлик нишоналари бўлмаган тақдирда ҳам, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 154-моддасига мувофиқ, ноқонуний равишда ўзга давлат ҳудудидаги қуролли можаро ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноят саналади.

Бу каби “жиноятни содир этганлик” эса, 10 йилгача муддатга қамоқ жазосини кўзда тутади.

Украинадаги Ўзбекистон элчихонасининг расмий хабарномаси 18 январ санаси остида эълон қилинган.

Ундаги огоҳлик эса, қарийб икки йилдирки, Украина шарқидаги қуролли низолар тинмаётган бир манзарада янграмоқда.

Давомий қуролли низолар 2014 йил бошида Украина Президенти Виктор Януковичнинг оммавий намойишлар натижасида қудратдан ағдарилиши ортидан бошланиб кетганди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, Украина ҳукумат кучлари ва россияпараст бўлгинчилар ўртасида кечаётган жанглар шу пайтгача минглаб кишининг умрига зомин бўлган.

Бўлгинчилар асосан рўсийзабонлар истиқомат қилувчи мамлакат шарқининг Украинадан мустақиллигини талаб қилиб келишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украинанинг амалдаги президенти Пётр Порошенко эса, расмий Кремлни мамлакати шарқидаги мавжуд бўҳрон ортида турганликда айблайди.

Аммо Россия томони айни мазмундаги даъволарни рад этиб келади.

Украина шарқидаги давомий қуролли низолар манзарасида ҳар икки рақиб тарафида ёлланиб, жанг қилаётган чет эл фуқароларининг борлиги ҳақида ҳам бот-бот хабарлар ўртага чиққан.

Таъкидлаш жоиз, бу каби хабарларда асосан Чеченистон, Россия, Беларус ва айрим Ғарб давлатлари фуқаролари тилга олинганди.

Аммо, Украина шарқидаги қуролли можаролардан қарийб икки йил ўтиб ҳам, у ерда жанг қилаётган ўзбекистонликлар ҳақида хабарлар деярли кузатилмаган.

Ўзбекистон элчилигининг бунинг оқибатлари билан огоҳлантирилган хабарномасида ҳам айни хусусдаги маълумотлар келтирилмаган.

Аммо элчиликнинг расман огоҳлантиришича, бунга ўхшаш ҳолларга оид ҳар қандай сигнал Ўзбекистон махсус давлат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан синчиклаб ўрганилади.

“Шахсидан қатъиназар, унинг Ўзбекистон Жиноят Кодексининг мазкур банди (“ёлланмачилик”) бўйича жиноят содир этгани ёки режалаётганига оид холис маълумот бўлган ҳар бир шахс жиноий жавобгарликка тортилади”.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

“Худди шу боис ҳам, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ақл билан иш тутиб, қуролли гуруҳлар фаолиятига бош қўшишдан тийилиш тавсия этилади”.

Элчилик энг сўнггида фавқулодда вазиятга тушиб қолган фуқароларига мурожаат қилишлари учун Киевдаги ўз телефонлари рақамларини ҳам таклиф этади.

Би-би-си Украина Хизмати имконли бўлган маълумотларга таянилса, жанг қилиш истагида бўлган хорижий фуқароларни кўпроқ Украина шарқидаги бўлгинчилар ёллаб келишади.

Уларга кўра, орада бўлгинчиларнинг ёлланма жангчиларга ойига 1000 АҚШ доллари миқдорида ҳақ таклиф этишганига оид хабарларни ҳам қўлга киритишга муваффақ бўлишган.

Сиёсий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича эса, Қрим ва Украина шарқидаги сўнгги ҳодисалар Марказий Осиё раҳбарларини жиддий хавотирга солмай қолмаган.

Уларга кўра, биргина Қрим мисоли улар учун Россиянинг ўз "яқин хорижи"га нисбатан қандай иш тутиши мумкинлигини англатиб қўйган.

Агар, таҳлилчиларнинг сўзларига таянилса, бошқа томондан, Украина сценарийси узоқ йилдан буён қудратни қўлдан бермай келаётган Марказий Осиё лидерларини ўз курсиларининг тақдири нуқтаи назаридан ҳам қўрқитиб қўйган.

Аммо, шунга қарамай, улар Украинадаги инқирозга жуда эҳтиёткорлик билан муносабат билдиришни афзал билишган.

Шу пайтгача алоҳида бир томонни қораловчи баёнотлардан тийилишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, бунга Россиянинг ҳануз бу мамлакатларда катта таъсирга эга экани сабаб бўлган.

Расмий Тошкент орада бир неча бор Украина инқирозини тинч йўл билан ечишга даъват этиб чиққан.

“БМТ меъёрлари ва халқаро ҳуқуқ доирасида бир мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш”га чақирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ