'Қиёматга элтувчи тўрт йўлимиз бор'

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Професоор Ҳокингга кўра, қиёматга элтадиган тўрт йўл аллақачон ҳақиқат.

"Инсоният ўз қўли билан ўзига гўр қазимоқда".

Охирзамон бошланиши борасида турли назарияларни айтиб келадиган британиялик олим Стивен Ҳокинг бу сафар ана шундай огоҳлантириш билан чиқди.

Жаноб Ҳокингнинг гапига қараганда, бизнинг йўқолиб кетишимизга олиб борадиган сабабларни "аққлилик балоси" деб аташ ҳам мумкин.

Сунъий онг

Профессор Ҳокингнинг ўйлашича, сунъий ақл яратиш ҳаракатлари алал-оқибатда ўзимизга таҳдид солади.

"Тўлақонли сунъий онг яратиш инсониятнинг ўлимига етаклайди" - дейди профессор.

Image caption Одамзод сунъий онг кашф этиб, ўз бошига бало орттириши мумкин.

Унга кўра, ўта ибтидоий сунъий ақл яратиш одамлар учун ўта фойдали, лекин инсон ақли даражасидаги ёки ундан ҳам етукроқ онгни яратиш билан одамлар ўзларини ўлимга маҳкум этадилар.

"Биологик ёки табиий тарзда тадрижий ривожланиш сунъий тараққиёт билан беллаша олмай қолади" - дейди Стивен Ҳокинг.

Ядровий уруш

Одамзод яратган ядровий қуроллар вақт сайин такомиллашмоқда.

"Инсон табиатидаги зўравонлик ҳамда тажовузга мойиллик хусусияти эса ўзгармай қолаётир" - дейди Стивен Ҳокинг.

Ибтидоий одамлар айни хусусиятларни ишга солиқ ов қилишган ёки овқат топишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Мавжуд ядровий қуроллар Ердаги ҳаётни бутунлай йўқотишга қодир.

"Лекин замонавий инсон табиатида сақланиб қолаётган мазкур зўравонлик бошқаларни ва ниҳоят барчани ҳалокатга етаклайди".

Ҳозирги мавжуд ядровий қуроллар билан ҳам Ер сайёрасидаги ҳаётни буткул йўқотиб юбориш мумкин.

Ирсиятга аралашиш

"Инсонлар ирсий муҳандислик орқали яратаётган вируслар ҳам одамларга хавф солишини эсда тутиш лозим" - дейди профессор.

У ирсий йўлда яратилган вируслар ядровий қуроллардан ҳам хатарлироқ бўлишини айтади.

"Узоқ келажакка назар солсам, мени кўпроқ биология даҳшатга солади" - деганди Стивен Ҳокинг 2001 йили ёзган мақоласида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Science Photo Library
Image caption Ирсиятга аралашиб, ҳалокатли вирус яратиб қўйиш мумкин.

"Ядровий қурол учун кўп маблағ, катта корхоналар керак. Ирсий тадқиқотларни эса кичик лабораторияда ҳам амалга ошириш мумкин".

Унга кўра, бу жараёнда инсонлар билиб-билмай хатарли вирус яратиб қўйишлари эҳтимоли катта.

"Агар келаси минг йил ичида фазога чиқиб, яшайдиган бошқа маъво топмасак, инсоният йўқолиб кетиши аниқ" - хулоса қилади у.

Иқлим исиши

"Жаҳон бўйлаб иқлим исишини тўхтата олмасак, Ер сайёраси ҳам худди Зуҳра каби яшаб бўлмайдиган жонсиз ҳолатга келиб қолади" - фикрлайди Стивен Ҳокинг.

"Фойдали қазилмаларни ёқавериб, ер юзасидаги ҳаво қатламини карбонат ангидрид газларига тўлдириб юбордик".

Бу газлар эса заминни иссиқхонага айлантириб, ҳароратни тутиб қолаяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Иқлим исиши тўхтамаса, Ер ҳам Зуҳра каби ўлик сайёрага айланади.

Шимолий ва жанубий қутблардаги музликлар эриши оқибатида эса фазога қайтиб кетадиган қуёш энергияси ҳам камаяди.

Яъни мазкур энергия Ер юзасида қолиб, иқлимни янада иситаверади.

"Биз жаҳон бўйлаб иқлим исиши қачондир тўхташини ҳам билмаймиз" - дейди Стивен Ҳокинг - "Энг ёмон ҳолатда Ердаги ҳарорат ҳам Зуҳра сайёрасидаги каби 250С даражага чиқиб кетиб, олтингугурт ёмғирлари ёғиши эҳтимоли пайдо бўлади".

Лекин инсоният олтингугурт ёмғирини кўра олмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. Чунки унгача инсон зоти буткул қирилиб кетиши тайин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ