Юнонистон қирғоқларида ўнлаб қочқинлар денгизга чўкиб кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Омон қолганлар

Эгей денгизининг Юнонистонга яқин қирғоқларида 42 нафар қочқин чўкиб кетган.

Қочқинлар тушган икки кичикроқ кема ҳалокатга учраган.

Биринчи кемада қурбонлар сони 34 киши бўлган, уларнинг 11 нафари болалар экани айтилади.

Иккинчи кемадан эса 8 киши чўкиб кетган.

Ўтган йил Оврўпога бир миллиондан ортиқ қочқинлар ноқонуний йўллар билан киришгани айтилади.

Туркиядан Юнонистонга қараб йўлга чиққан қочқинлардан 700 нафари ўтган йил денгизга чўкиб кетган.

Шу йилнинг ўзидаёқ Эгей денгизига 100 нафар қочқинлар чўкиб кетишгани айтилади.

Қочқинлар масаласини муҳокама этиш учун Туркия Бош вазири Аҳмет Довутоғли Берлинда Олмония канслери билан учрашмоқда.

Пайшанба куни Франция Бош вазири Мануэл Валлс Оврўпо Иттифоқининг тақдирига муҳожирлар инқирози таҳдид солаётганини айтганди.

Валлс Би-би-си билан суҳбатда Ироқ ва Суриядан қочаётган барча муҳожирларни Оврўпо қабул қилолмаслигини урғулаб, “агар шундай қилсак, бизнинг жамиятларимиз беқарорлашади”, деб айтди.

Қутқарув ишлари давом этмоқда, аммо...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Жасадларни текшириш

Калолимносдаги юнон қутқарувчилари 26 қочқинни сувдан чиқаришга муваффақ бўлишган, аммо кейинроқ жами 34 жасадни топишган.

Бу кемага қанча қочқин тушгани ҳақида ҳеч билмайди, аммо тахминларга кўра, 100 киши бўлган.

Ҳозир ҳам қутқарувчилар қидирув ишларини давом эттиришмоқда.

Фармаконисига яқин ҳудудда чўккан кемада эса 48 киши бўлган.

Қирқ қочқин қирғоққа чиқолган, аммо олти бола ва бир аёлнинг жасади кейинроқ топилган.

Бир қизалоқ қутқариб қолинган.

Туркиянинг ўзида 3 миллионга яқин қочқинлар бор.

Уларнинг аксарияти сурияликлар экани айтилади.

Аксарият қочқинлар одам савдогарларига минглаб доллар беришади ва Оврўпо томон йўл олишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ