"Болам, уйга қайт". Хитойнинг ўғирланган болалари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Huaxi Metropolis Daily

Уч ёшар қизалоқнинг ўғирланиши акс этган бу сурат Хитой ижтимоий тармоқларида кенг тарқалди.

Қизча топилди, унга эълон қилинган қидирув эса мамлакатда бедарак йўқолган ўн минглаб болаларнинг ота-оналарига қайтариш йўлидаги интернет кампанияларига куч бағишлади.

Қизалоқнинг ўғирланиши тушган сурат Хитойнинг Твиттери ҳисобланмиш Вейбо (Weibo) тармоғида чоп қилинди. Унда қизчанинг қўлидан ушлаб кетаётган аёл қизнинг онаси эмас.

Хитой жанубидаги Гуангдонг вилоятида қизалоқ бобоси билан сайрга чиққанида уларга ёш аёл яқинлашган ва овқат сўраган. Қария унга овқат олиб бериш учун дўконга кетганида, аёл қизчани олиб ғойиб бўлган.

"Неварамни йўқотиб қўйдим, ўзимни дарёга ташлаб ўлдиргим келди", - деб айтган бобо Хитой газетасига.

Сурат пайдо бўлганида, одамлар ғазаб ва хавотир изҳор қилишди, лекин ҳайрон бўлганлар кўп бўлмади.

Баъзи шарҳловчилар бола ўғриларига ўлим жазоси қўлланиши талаб қилишди. Хитой қонунларига кўра, бола ўғриси 10 йилгача қамалиши мумкин.

Қизалоқни полиция ниҳоят топди ва оиласига қайтарди, аммо ижтимоий тармоқлардаги ғазаб сўнгани йўқ.

Хитойда ёш болаларни ўғирлаш жуда кенг тарқалган. Бу борада аниқ сонларни қўлга киритиш қийин. АҚШ давлат департаменти йилига камида 20 минг бола ўғирланади дейди, аммо Хитой матбуотига қаралса, бу сон 10 баравар кўп.

Юз минглаб одамлар ўз йўқолган фарзандларини топиш илинжида интернетга мурожаат қилишмоқда.

"Болам, уйга қайт" (Baby Come Home) кампанияси Вейбода 350 минг аъзосига эга. Унда одамлар йўқолган болалар суратларини чоп қилишлари мумкин.

Саҳифада нафақат ота-оналар, балки ўғирланган болани кўрганини шубҳа қилиб уни суратга туширган шаҳслар ҳам расм чоп қилиша олади. Бошқа суратларда эса болаларини қидираётган ота-оналар акс этган.

Ҳўш, нима учун Хитойда бу қадар кўп болалар бедарак йўқолади?

Ўғирланган болаларни асраб олишни истаган одамларга бола сотиш бўйича қора бозор авж олган.

Қизча 11,500 долларгача пулланиши мумкин. Ўғил болалар нархи эса икки баравар кўп.

Баъзи ҳолларда болалар йирик гаров пули учун бадавлат оилалардан ўғирланади, бошқа ҳолларда эса улардан тиламчи сифатида фойдаланилади.

Йўқолган болаларнинг ўта оз қисми ўз ота-оналари бағрига қайтишга муваффақ бўладилар.

Би-би-сининг Хитой бўйича мутахассиси Керри Алленга кўра, "Болам, уйга қайт" каби кампаниялар янада кўпроқ гўдакларни топиш учун фойдали бўлиши мумкин, чунки хитойликлар орасида смартфонлар кенг тарқалмоқда.

"Ҳозирда Хитой аҳолисининг қарийб 50 фоизи смартфонга эга. Бу дегани уларнинг қўлида камера ва интернет бор, ва улар тезлик билан маълумот тарқатишлари мумкин", - дейди у.