Зика вируси туфайли болалар кичик мия билан туғилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Зика вируси бутун Америка қитъалари бўйлаб тарқалиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шундай огоҳлантириш билан чиқди.

Иситма, конъюнктивит ва бош оғриғини келтириб чиқарувчи мазкур инфекция аллақачон Кариб ороллари, Шимолий ва Жанубий Американинг 21та мамлакатида қайд қилинган.

Зика вируси минглаб болаларнинг ривожланмай қолган мия билан туғилишларига сабаб бўлгани айтилмоқда. Баъзи давлатларда аёлларга ҳомиладан сақланиш тавсия қилинди.

Ҳозирча унга қарши муолажа ва вакцина ишлаб чиқилмаган.

Вирус Африкада пайдо бўлган, лекин 2015 йил майида илк марта Бразилияда қайд қилинган.

Америка қитъаси аҳолиси орасида бу вирусга табиий иммунитетнинг бўлмаслиги унинг тез тарқалишига сабаб бўлаётгани ишонилади.

Чивин

Зика вируси Эдес чивинининг чақиши билан юқади. Бу чивин Канада ва Чилидан ташқари, Америка қитъаларининг барча мамлакатларида мавжуд.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўз баёнотида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Америка бўйича бўлими зика вируси эдес чивинлари мавжуд бўлган барча мамлакатларга тарқалишда давом этишини башорат қилаётганини айтди.

Ташкилотнинг тасдиқлашича, мазкур вирус бир кишининг спермасида ҳам топилган ва "одамдан одамга жинсий алоқа орқали ўтиши мумкин"лигига ишора қилган. Ҳозирда бу далил-исботлар ўрганиб чиқилмоқда.

Зика вирусини юқтирганларнинг 80 фоизи ҳеч қандай касаллик аломатини сезмайдилар.

Энг катта хавотир она бачадонидаги ҳомилага етказиладиган эҳтимолий шикаст борасидадир.

Октябрь ойидан бери Бразилиянинг ўзида 4 мингдан ошиқ чақалоқлар микроцефалия, яъни етарлича ривожланмаган мия билан туғилганлар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вирус ҳавфи остидаги ҳудудлардаги ҳомиладор аёлларга шифокорга мурожаат қилишни тавсия қилмоқда.

Ўтган ҳафта Колумбия, Эквадор, Эл Салвадор ва Ямайка ҳукуматлари вирус тўла ўрганиб чиқилмагунча, аёлларни ҳомилани кечиктиришга ундади.

Пан-Америка соғлиқни сақлаш ташкилоти "ҳомилани кечиктириш бўйича қарор аёл, унинг умр йўлдоши ва шифокор ўртасида қабул қилинадиган қарор" эканини айтмоқда.

Ташкилот чивинлар кўпаядиган сув идишларини тез-тез бўшатиб ювиш, чивинларни бездирадиган пуркагичларни сепиш, танани ёпиб турадиган кийимларни кийиш, ҳамда эшик ва деразаларни ёпиб қўйишни тавсия қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio