“Россия учоғи Туркия ҳудудига кирмаган”

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Россия Мудофаа вазирлиги Туркия ҳаво ҳудудини Сурияда жойлашган Россия ҳарбий базасидаги Су-34 ҳарбий учоғи бузгани ҳақидаги айбловини рад этган.

30 январ куни Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ўз ҳаво ҳудуди Россиянинг бомбадимончи учоғи томонидан бузилгани, жума куни юз берган ҳодисада Су-34 учоғининг учувчиси рус ва инглиз тилларидаги огоҳлантришларга жавоб бермагани ҳақида хабар тарқатган.

Шу муносабат билан Туркия Ташқи ишлар вазирлигига Россия элчиси чақиртирилгани ва элчига Туркия томонининг “норозилик ва ғазаби изҳор этилгани” хабар қилинган.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон яна ўзларининг ҳаво ҳудуди бузиладиган бўлса, бунинг оқибатлари Россия учун ёмон бўлишидан огоҳлантирган.

“Агар Туркиянинг суверен ҳуқуқларини бузишни давом эттирадиган бўлса, Россия учун оқибатлари ёмон бўлади. Бундай масъулиятсиз қадамлар Россия Федерациясининг фойдасига ҳам, Россиянинг НАТО билан муносабатларига ҳам, минтақа ва бутун дунёдаги тинчлик фойдасига ҳам хизмат қилмайди”, деб айтган Президент Эрдўғон Истанбул аэропортида журналистлар билан мулоқотда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игор Конашенков Туркия айбловини рад этган.

Конашенков сўзларига кўра, Туркия ҳарбийлари билан россиялик учувчилар ўртасида "овозли мулоқотлар анчадан буён йўқ".

Россия билан Туркия ўртасидаги алоқалар ноябр ойи охирида Туркия ўзининг Сурия билан чегарасида Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғини уриб туширганидан кейин ёмонлашди.

Туркия тарафи Сурия ҳудудида бомбардимон билан шуғулланаётган Россия учоғи ўзларининг ҳаво ҳудудини бузиб кирганини айтган.

Россия томони эса ўз учоқлари Туркия ҳудудига ўтмаганини айтиб келади.

Ушбу ҳодиса ортидан Россия Туркия озиқ-овқатларини олиб киришни тақиқлади.

Туркияга сайёҳлик мақсадидаги сафарлар бекор қилинди.

2016 йил 1 январидан Туркия фуқаролари учун виза жорий этилди.

Туркия ширкатларининг Россия ҳудудида бизнес билан шуғулланиши ҳам оғирлаштирилди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ