Суриядаги портлашда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Сурия пойтахти Дамашққа яқин шиалар муқаддас деб биладиган мақбара олдида рўй берган портлашлар оқибатида 60 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, дея хабар тарқатган Сурия расмийлари.

Сурия давлат телевидениеси портлаш содир этилган жойдан кадрларни намойиш этган.

Тасвирларда аланга олган биноларни, вайрон бўлган автомобилларни кўриш мумкин.

Шиа мусулмонлари Саййида Зайнаб мақбараси деб биладиган зиёратгоҳ Дамашқ жанубида жойлашган.

Ҳалок бўлганлар орасида зиёратчилар ҳам бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Сурия давлат матбуоти хабар қилишича, дастлаб автомобилга ўрнатилган бомба портлатилган.

Сўнг икки суиқасд ҳужумчи ўзини портлатгани хабар қилинган.

Кўплаб одамлар жароҳатланганлар.

Интернет ижтимоий тармоқларида ИШИД ушбу ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Эрон ҳукумати ва Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" ҳаракати Президент Башар ал-Ассадни дастаклаётганларидан кўзлаган мақсадларидан бири Суриядаги шиалар учун муқаддас қадамжолар, хусусан Саййида Зайнаб мақбарасини муҳофаза қилиш эканини маълум қилганлар.

Саййида Зайнаб мақбараси бундан олдин ҳам, охирги марта 2015 йил февралида нишонга олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шунингдек, ушбу мақбарага йўл олган зиёратчилар ҳам ҳужумга тутилганлар.

Шиа мусулмонлари Дамашқ жанубидаги мақбарада Муҳаммад Пайғамбар(САВ) набираси Саййида Зайнаб дафн этилган деб билсалар-да, айрим мусулмонлар Саййида Зайнаб Қоҳирада ёки Маккада дафн этилган деб биладилар.

Саййида Зайнабнинг отаси Али ибн Абу Толиб, онаси Муҳаммад Пайғамбар(САВ)нинг қизи Фотимаи Заҳродир.

Ҳазрати Али тўртинчи Ислом халифаси бўлган.

Шиалар Али ибн Абу Толибни Ислом пайғамбарининг қонуний вориси деб ҳисоблайдилар.

Ислом пайғамбарининг қонуний вориси ким бўлиши кераклиги борасидаги баҳслар шиалар ва суннийларни иккига бўлиб юборган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio