Сурия мухолифати Женевага борди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Музокаралар бўйича олий қўмита" раҳбари Салим Муслет Сурия ҳукумати ҳайъати билан бир даврага ўтирмасликларини айтди.

Сўнгги икки йил мобайнида илк бор Сурия Президенти Башар ал-Ассадга қарши қўлига қурол олган мухолифат гуруҳи Женевага боришга рози бўлган.

Женевада Сурия бўйича тинчлик музокаралари режаланган.

Бироқ БМТ шафелигида ташкиллаштирилаётган учрашувга келишга рози бўлган мухолифат фақат Бирлашган Миллатларнинг Сурия инқирозини ҳал этиш мақсадида тайинлаган махсус элчиси Стаффан де Мистура билангина гаплашишларини, Сурия ҳукумат ҳайъати билан бир даврага ўтирмасликларини эълон қилганлар.

Суриядаги урушга чек қўйиш мақсадидаги музокаралар 2014 йил февралида тўхтаб қолган эди.

Суриядаги қатор мухолифат гуруҳларини ўзида бирлаштирган ва "Музокаралар бўйича олий қўмита" деб номланаётган гуруҳ Президент Ассад ҳукумати билан музокаралар столига ўтиришга фақат ўз талаблари бажарилганидан кейин кўнишларини айтмоқдалар.

Бу талабларнинг асосийси БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси талабидир.

Унда Сурия ҳукуматининг ҳаво ҳужумларини тўхтатиш, мухолифат назорат қилаётган шаҳарлар қамалига чек қўйиш ва бу шаҳарларга инсонпарварлик карвонларини ўтказишга рухсат берилиши талаб қилинган.

"Музокаралар бўйича олий қўмита" раҳбари Салим Муслет Президент Ассад қамоқхоналарида сақланаётган аёллар ва болаларни озод қилиши лозим, деб айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сурия бўйича тинчлик музокаралари икки йил олдин тўхтаб қолган эди.

31 январ куни Женевадаги меҳмонхонада мухолифат ҳайъати вакиллари Сурия бўйича БМТ махсус элчиси Стаффан де Мистура билан учрашганлар.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Сурия инқирозидаги барча тарафларга мурожаат қилиб, тинчлик бўйича музокараларда ўз манфаатларини эмас, балки барча сурияликларнинг манфаатини ўйлаб йўл тутишга чақирган.

"Айниқса болалар ва аёлларнинг бу урушларнинг оғир юкини елкаларида кўтаришларига тўғри келди ва мана энди жангларни тўхтатиш ва бу урушда устунлик қилиб келган бошқа инсон ҳақларининг поймол этилишига чек қўядиган вақт келди", деб айтган Бирлашган Миллатлар бош котиби.

Женева музокараларида сулҳ битими шартлари, ўзаро тутқунларни алмашиш, ДОИШга қарши кураш йўллари муҳокама мавзулари сифатида олинган.

Кузатувчилар фикрича, ҳозир музокаралар учун мураккаб вазият юзага келган.

Аммо ДОИШ таҳдиди Россия билан Американи Суриядаги мухолиф гуруҳларни яна бир даврага қайтаришга ундаган.

2011 йил баҳорида Президент Ассад режимига қарши бошланган норозиликлар фуқаролар урушига айланиб кетди.

Суриядаги уруш оқибатида шу вақтгача 250 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди, 10 миллиондан зиёд инсон ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлдилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ