Эмбрион генига 'тузатиш киритиш' маъқулланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL

Одам эмбриологияси ва сунъий уруғлантиришни назорат қилувчи бошқарма Буюк Британия олимларига инсон ҳомиласи генини ўзгартиришга изн берилган.

Тадқиқотлар Лондондаги Фрэнсис Крик институтида бошланади. Мазкур изланишлар инсон ҳаётининг илк онларини чуқурроқ англаш имконини беришига ишонилмоқда.

Айтилишича, олимлар уруғланишдан сўнгги илк етти куни устида тажриба олиб боришади. Тадқиқотчиларнинг айтишларича, жараён ҳомиланинг чала тушиши сабабларини тушунишга ёрдам беради.

Аммо, аёлга айни эмбрионни ўрнатиш ноқонуний ҳисобланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жараён ҳомиланинг чала тушиши сабабларини тушунишга ёрдам бериши айтилмоқда

Генга тузатишлар киритиш инсон ДНК си, яъни геномини бошқаришдир.

Ўтган йил Хитой олимлари илк бор қон касаллигига етакловчи генни тузатиш учун одам ҳомиласига ўзгартириш киритишганини эълон қилишганди.

Мазкур хабар эса, баҳсу мунозараларни келтириб чиқарган, танқидчилар эмбрион ДНК сини ўзгартириш "дизайнер" чақалоқлар яратиш ҳаракатларига эшик очиши мумкинлигидан хавотир билдиришганди.

Жорий йил бошларида тадқиқотчилардан бири Кэти Ниакан ўз мавқеини шундай тушунтиради: "Биз инсон ҳомиласининг соғлом чақалоқ бўлиб ўсишига хизмат қилувчи генларни тушунишни жуда истаймиз. Нима учун бунинг шу қадар муҳимлигига келсак, чала тушиш ва бепуштлик ниҳоятда кўп кузатилади. Аммо, айни ҳолатлар сабаблари чуқур англаб етилгани йўқ".

Ҳар 100 та уруғланган тухум ҳужайранинг ярмидан ҳам камроғи илк қобиқланиш даврига етиб боради. Улардан 25 таси бачадонга кириб бориши, 13 тасигина уч ой ва ундан ортиқ вақтгача ривожлана олиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL
Image caption Уруғланган тухум ҳужайранинг барчаси ҳам соғлом чақалоққа айланмайди

Энди Одам эмбриологияси ва сунъий уруғлантириш бошқармаси изни билан тадқиқотлар келаси бир неча ой асносида бошлаб юборилади.

Сизнингча, бундай тадқиқотлар ўтказилиши қанчалар тўғри?

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEKTwitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ