Путиннинг мухолифи Қодиров 'нишонида'

Фото муаллифлик ҳуқуқи instagram.kadyrov95

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Instagram саҳифасида Россия мухолиф сиёсатчиси Михаил Касяновнинг мерган нишонида тургани акс этган видеони чоп қилган.

Собиқ бош вазир ва мухолифатдаги РПР-Парнас партияси раҳбари Михаил Касянов Президент Путиннинг энг ашаддий танқидчиларидан биридир.

Яқинда Қодиров жаноблари Путин танқидчиларини "душманлар" ва "хоинлар" деб атаб чиққанди.

Россиядаги мухолиф сиёсатчилар сўнгги хабарни қотиллик таҳдиди деб таърифлашган.

Чечен раҳбари эса, жаноб Касянов Страсбургга мухолифат учун пул олгани борганини даъво қиларкан, буни "англаб етмаганлар энди англайди", дея қўшимча қилган.

Ўтган март ойи ҳам Рамзан Қодиров Instagram орқали Москвада мухолифат раҳбари Борис Немцов ўлдириб кетилишига муносабат билдирганди.

Қодиров жаноблари ўз сўзида қотилликда айбланган чеченлардан бирини ҳимоя қилиб чиққан.

Бир кун ўтиб эса, Президент Путин уни олий мукофот билан сийлаган.

Немцов жаноб Путиннинг ўтган ўн йилликда ўлдириб кетилган қатор мухолифларидан бири бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Касянов 2004 йил ишдан бўшатилганди

Рамзан Қодиров Чеченистонни қаттиққўллик билан бошқариб келади. Унинг қўли остидаги кучлар инсон ҳақларини топташ, жумладан, қийноқлар ва суиқасд амалларида айбланади.

У Владимир Путин билан яқин алоқаларга эга ва Президент уни Чеченистондаги бўлгинчиликка барҳам беришга рағбарлантириб келади.

Шимолий Қофқоз республикасида 1990 йиллар рус қўшинлари исёнкорларга қарши курашишар экан, минглаб инсонлар нобуд бўлганди.

Янги видео Қодиров томонидан Кремл танқидчиларига қилган таҳдидларидан бири сифатида кўрилмоқда. У мухолифатчиларни Ғарб билан бирга ишлашда айблайди.

Якшанба куни чоп қилинган видеотасвирда Михаил Касянов "Очиқ Россия" мухолиф ҳаракати етакчиси ва журналист Владимир Кара-Мурза билан гаплашиб тургани акс этган.

Демократияни тарғиб қилувчи ушбу ҳаракатга муҳожиротдаги олигарх Михаил Ходорковский томонидан асос солинган.

Видеотасвир 16,000 дан ортиқ киши тарафидан "ёқтирилган".

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Рамзан Қодиров Россия мухолифатига нисбатан кескин сўзлар қўллайди
"Таҳдид"

Жаноб Касянов видеони бевосита ўлим таҳдиди сифатида кўришини билдирган ва текширув ўтказишни талаб қилган.

Парнас партияси раҳбарларидан яна бири Илья Яшин буни "Касяновни ўлдиришга очиқ таҳдид" эканини айтган.

Мухолиф сиёсатчилардан Алексей Навалний ҳам ўхшаш фикрни билдирган.

Би-би-сининг Москвадаги мухбири Сара Рейнсфорд ҳозирда бундай ҳаракатлар Рамзан Қодировнинг ўз ташаббуси билан амалга ошириладими, деган савол ўртага чиққан.

Россия ижтимоий тармоқларида эса, Кремл жаноб Қодировдан ўз танқидчиларини қўрқитишда фойдаланаётгани юзасидан фикрлар билдирилмоқда.

Айниқса, бу ўсиб бораётган иқтисодий муаммолар манзарасида кузатилади.

Мухбиримизга кўра, баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўзининг "тегиб бўлмас" эканига ишонган Рамзан Қодиров хатарли шахсга айланаётгани ҳақида гапиришган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio