ОИ: "Кремль Рамзан Қодировга чора кўрсин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Рамзан Қодировнинг видеоси таҳдид дея кўрилмоқда

Оврўпо Иттифоқининг Россиядаги элчиси Вигаудас Ушацкас Чеченистон раҳбарининг мухолифатчи Михаил Касьяновга қилган таҳдидидан ларзага келганини айтди ва Россия ҳукумати зудлик билан чора кўришга чақирди.

Якшанба оқшомида Қодиров ўзининг Инстаграмдаги ҳисобида Касьянов мерган милтиғи нишони остида акс этган видеороликни чоп қилган.

Бир кун ўтгач у бу видеони олиб ташлади.

"Оврўпо Иттифоқининг Россиядаги элчиси Қодировнинг Россия сиёсий мухолифатига қарши қилган баёнотини демократик жамият учун номақбул деб билади", - дейилади Москвадаги ОИ элчихонаси баёнотида.

Айни дамда Қодировнинг ўзи Россия мухолифатига мурожаат қилиб, агар унинг ҳаракатлари ёки сўзлари уларга ёқмаса, судга мурожаат қилишларига чақирди.

"Мен - қонунга бўйсунувчи фуқароман, ҳар бир сўзимга жавоб бераман ва ўзимнинг фикримда қатъий қоламан", - деб ёзди у Инстаграмда.

Кремлда чечен раҳбарининг сўзларига ҳали ҳам муносабат билдиришмади.

Кеча Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Қодировнинг Инстаграмини кузатиб бормаслигини айтди, аммо "нима ҳақида гап кетаётганига бир қараб" қўйишини ваъда қилди.

ПАРНАС партиясининг раҳбарлари Михаил Касьянов ва Владимир Кара-Мурза-младший ўзларининг нишон остида акс эттиришларини қотилликка чақирув дея баҳолашган ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишларини айтишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBCUZBEKTwitter - BBCUZBEKOdnoklassniki - BBCUZBEKFacebook- BBCUZBEKGoogle+ BBCUZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype – bbcuzbekradio